ТУРКИЯ БИЛАН СУВ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК
2026-01-30 09:05:00 / Янгиликлар

Ушбу жараёнда қатор хорижий давлатлар, хусусан Туркия билан амалий ва институционал ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, аниқ ва самарали натижаларга эришилмоқда.
Сув тежовчи технологияларни оммалаштиришда энг муҳим омиллардан бири – ускуна ва материалларнинг мавжудлиги ҳисобланади. Бунда эса Туркиянинг йирик ишлаб чиқарувчилари – “Akplast”, “Acar MAK-SAN”, “Ardent plastik” ҳамда “Agro new drip” корхоналари билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари яхши самара бермоқда. Ушбу компаниялар томонидан Ўзбекистонга инвестициялар киритилиб, полиэтилен қувурлар, томизғичли ленталар, насос ва фильтр қурилмалари ҳамда турли хил фитингларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Бу эса сув тежовчи технологияларни жорий этиш жараёнини тезлаштириш, импортга бўлган қарамликни камайтириш ва фермерлар учун ускуналарни янада қулай нархларда тақдим этиш имконини беради.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишда инсон омили ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу маънода, қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан самарали фойдаланишга эришишда “Сувчилар мактаби” ташкил этилгани айни муддао бўлди.
Мазкур ўқув курси фаолияти Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ва “Агробанк” АТБ ҳамкорлигида йўлга қўйилган. Фермер хўжаликлари раҳбар ва сувчилари, сув хўжалиги ходимлари бугунги кунда соҳада қўлланилаётган инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар амалиётига жорий этилаётган янги билим ва кўникмаларни эгаллаган ҳолда, ўз фаолиятини такомиллаштириб, сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиши ўқув курсининг асосий мақсади ҳисобланади.
“Сувчилар мактаби”да Туркия Республикасининг илғор тажрибаси асосида замонавий, сув тежовчи суғориш технологиялари бўйича ўқув машғулотлари тизимли равишда ташкил этилмоқда. Ушбу ўқувлар доирасида сув тежовчи технологияларни лойиҳалаш, қуриш, фойдаланишга топшириш ҳамда техник хизмат кўрсатиш жараёнлари бўйича Туркиянинг илғор тажрибаси асосидаги назарий билимлар ва амалий кўникмалар мунтазам равишда ўргатиб борилмоқда. Шу билан бирга, ўқув жараёнларида илғор хорижий тажрибанинг маҳаллий шарт-шароитларга мослаштирилган ечимлари кенг жорий этилмоқда.
Қайд этиш лозим, ушбу лойиҳа орқали Ўзбекистон ва Туркия ўртасида илмий-таълим соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, сув ресурсларини бошқаришда самарали ёндашувларни амалиётга татбиқ этиш ҳамда қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлаш мақсад қилинган. Натижада, сувдан тежамкор фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қиладиган тизимли механизмлар шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан Туркия элчихонаси, ушбу мамлакат Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Давлат сув ишлари бош бошқармаси ўртасида яқин ҳамкорлик ўрнатилган бўлиб, учрашувлар, музокаралар тез-тез ўтказиб келинади. Томонлар малака ошириш дастурларини ҳам йўлга қўйган.
Ўтган йилнинг охирида Сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотларининг 36 нафар мутахассислари Туркияда ўқув сафарида бўлиб қайтди.
Истиқболда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида сув ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш режалаштирилган. Жумладан, қишлоқ хўжалиги экин майдонларида сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, каналлар орқали сув йўқотилишларининг олдини олиш, соҳада рақамли технологияларни татбиқ қилиш, юқори самарали сув тежовчи технологиялар орқали пахта ва ғалладан юқори ҳосил олишни илм-фан билан боғлаш, замонавий ирригация ва дренаж техникасини қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш каби вазифалар белгиланган.
– Иқлим ўзгариши ва бошқа трансчегаравий муаммолар каби омилларни ҳисобга оладиган бўлсак, яқин келажакда Марказий Осиё минтақасида сув миқдори сезиларли даражада камайиши шубҳасиз. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг турли тармоқлари ўртасидаги рақобат сув ресурсларини тақсимлашда қишлоқ хўжалиги улушини янада камайтиради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев барча мутасадди ташкилотларга суғориладиган деҳқончиликда сувдан оқилона фойдаланиш ва сув йўқотилишини минималлаштириш бўйича зарур юмшатиш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди, – дейди “Temelsu International Engineering Services Inc.” консалтинг компанияси раҳбари Баҳодир Боз.
Унинг таъкидлашича, сув ресурсларини бошқаришни сақлаш, ташиш, тақсимлаш ва қўллашнинг асосий тоифалари бўйича гуруҳлаш мумкин. Шуни таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда қўлланилаётган ёндашув ушбу тоифаларнинг барчасини қамраб олган яхлит ёндашувдир. Сақлаш қисми учун янги сув омборлари қурилади ёки мавжудлари яхшиланади ва/ёки халқаро стандартларга кўтарилади. Ташиш қисмига келсак, манбалардан суғориладиган ерларга сув олиб ўтувчи транспорт каналларига бетон ётқизиш ишлари жадал олиб борилаяпти.
Ўзбекистонда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида суғориш тармоқларидаги сув йўқотилишларини камайтириш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, суғориш тармоқларини ёпиқ қувурли суғориш тизимига ўтказиш, сув омборлари ва кичик сув заҳираларини барпо этишга қаратилган лойиҳалар жорий этилмоқда. Бу тадбирлар сув тақчиллиги шароитида мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги экинларининг барқарор суғорилишини таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон–Туркия сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик бугунги кунда фақат режалар билан эмас, балки аниқ амалий натижалар билан намоён бўлмоқда. Ишлаб чиқариш, таълим ва инфратузилмавий лойиҳаларни қамраб олган ушбу ҳамкорлик сув тежашга қаратилган ислоҳотларнинг муҳим таянчига айланиб, келгусида ҳам қишлоқ хўжалигида барқарор ривожланишни таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Умиджон Мамарасулов,
Сув хўжалиги объектларини
эксплуатация қилиш агентлиги
матбуот котиби
