ТУРКИЯ САФАРИ ТААССУРОТЛАРГА БОЙ БЎЛДИ
2026-01-29 10:10:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва тизим ташкилотлари мутахассисларидан иборат делегация таркибида Туркияда ўқув сафарида бўлдик.
Туркиянинг Давлат сув ишлари бош бошқармасида учрашувлар ўтказдик. Бошқарманинг Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи ўринбосари, доктор Ўзлем Шелол хоним ҳамда сув ресурслари билан боғлиқ бўлим бошлиқлари ва мутахассислар билан мулоқот қилинди. Туркияда сув ресурслари, уни самарали бошқариш бўйича тақдимотлар тингланди.
Бу давлатда фойдаланиладиган йиллик сув ресурслари 61,7 млрд куб метрни ташкил этади. Шундан 48,7 млрд куб метр суғоришга сарфланади. 6,3 млрд куб метр сув ичимлик, 6,7 млрд куб метр сув саноат мақсадлари учун ишлатилади.
Шунингдек, Туркия Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги ишланмалари тадқиқотлари ва сиёсати бош бошқармаси вакиллари билан ҳам мулоқот ўтказдик. Ушбу бошқарма қишлоқ хўжалиги соҳасида янги ишланмалар, инновациялар ва уларнинг сиёсати билан шуғулланади. Ташкил этилганига 130 йилдан ошган, Туркиянинг кўҳна илмий муассасаларидан бири ҳисобланади. Бош бошқарма координатори Шуъле Кучукжушкун хонимнинг таъкидлашича, мамлакат қишлоқ хўжалигига доир маълумотларнинг 70 фоизи шу ерда яратилади.
Бош бошқарма таркибида 49 илмий тадқиқот институтлари фаолият кўрсатади. Мисол учун, ўсимликшунослик йўналишида саноат, озиқ-овқат ўсимликлари, чорва учун озуқабоп экинлар, саломатлик учун ўсимликлар бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади.
Ерларнинг шўрланиши, ерости, ер усти сувлари таркибидаги минераллашув, тузланиш даражаси бўйича тадқиқотлар ўтказилади, илмий ишлар бажарилади.
Туркиянинг 50 дан ортиқ шаҳар ва туманларида илмий марказлари мавжуд. Жами ходимлари сони 6700 киши, шундан 2500 нафардан ортиғи илмий унвонга эга ходимлар.
Тақдимотда сувни тежаш, унумли фойдаланиш, тежамкор технологияларни ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қўллаш бўйича ишлар, янги тадқиқот ва лойиҳалар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Сафар давомида туркиянинг Шанлиурфа, Газиантеп ва Измир шаҳарларида ҳам учрашувлар, мулоқотлар ўтказдик.
Масалан, мамлакатдаги энг машҳур гидротехник иншоотлардан бири – Отатурк тўғонига ташриф эсда қоларли воқеалардан бири бўлди.
Отатурк тўғони ва шу номдаги сув омбори Туркиянинг марказий қисмида жойлашган бўлиб, Фрот дарёсида барпо этилган. Сув омборининг майдони 515 квадрат километр, ҳажми 48,7 миллиард куб метр. Шундан йилига ўртача 11 миллиард куб метр сувдан фойдаланилади.
Тўғон қурилиши 1983 йилда бошланиб, 1990 йилда битказилган. Баландлиги 169 метр, узунлиги 1820 метр.
Бу ерда гидроэлектр станция ҳам қурилган бўлиб, 2400 МВт қувватга эга.
Отатурк тўғонининг шўъба мудири Фарук Бедлекнинг айтишича, сув омбори сувидан энергетика ишлаб чиқариш, ичимлик суви, балиқчилик ва суғориш мақсадлари учун фойдаланилади.
Тўғонда олтита давроза бўлиб, очиб-ёпиш автомат бажарилади. Максимал сув чиқиш ҳажми секундига 1500 куб метр.
Сув омбори ушбу ҳудуддаги 21 минг гектар ер майдонини суғоришга хизмат қилади.
Фрот дарёси бўйлаб 5 та тўғон бор. Отатурк тўғони учинчиси. Барча тўғонлар ва йирик гидротехник иншоотлар давлат назоратида ҳисобланади.
Делегация аъзолари тўғон ва сув омборини бориб кўрди, туркиялик мутахассислар билан суҳбатлашди. Уларнинг тажрибаларини ўрганди, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Шанлиурфада Яйлак суғориш тизими фаолияти билан танишилди. Бу тизим 2004 йилда қурилган бўлиб, сувни Отатурк тўғонидан олади. Диаметри тўрт метрлик иккита туннел орқали тўғондан келаётган сув насослар билан биринчи босқичда 22 метр баландликка кўтариб берилади. Иккинчи босқичда 30 метр, учинчи босқичда 60 метрга кўтарилади. Жами агрегатлар сони 86 та.
Ҳар бир босқич ўртасида 15-20 км масофа бор, уларга сув очиқ каналлар орқали етиб боради. Эътиборли томони ҳар бир босқичда ҳовуз бўлиб, истеъмолчиларга сув ўша ҳовуздан табиий босим билан ёпиқ қувурлар орқали етказилади. Яъни, суғориш тизими тоғ ён бағрида, экин майдонларидан тепада жойлашган.
Шанлиурфа шаҳри яқинидаги Яйлак суғориш тизими тўлиқ автоматлаштирилган. Тизим давлат маблағлари ҳисобидан қурилган. Уни Туркиянинг Давлат сув ишлари бош бошқармаси назорат қилади.
Молиялаштириш эса истеъмолчилардан тушган маблағ ҳисобига. Истеъмолчилар ёмғирлатиб, томчилатиб суғориш тизимига тўлиқ ўтган бўлиб, гидрантлар орқали даласига сувни тўғридан тўғри олади. Ёпиқ суғориш тизими бўлгани учун ариқлардан умуман фойдаланилмайди.
Туркияда сувга тўлов қилишда ёпиқ тизимдагилар гектарига қараб, очиқ тизимдагилар куб метр бўйича ҳақ тўлар экан. Бу ерда истеъмолчиларга ёпиқ тизим орқали сув етказиб берилгани учун сув нархи гектарига қараб ҳисобланади.
Тизим муҳандиси Феҳми Ташнинг айтишича, бир йилда 1 гектар майдонни суғоришга 37 минг турк лираси тўланади. Бу 880 АҚШ долларига тўғри келади.
Суғориш мавсуми март ойидан бошланиб, октябргача давом этади. Агар қурғоқчилик бўлмаса, қиш бўйи сув олинмайди. Насослар ҳам ишлатилмайди.
Яна бир томони суғориш мавсуми давомида деҳқон қачон истаса, шунда сув олади. Қанча истаса, шунча сув олади. Фақат олинадиган сув учун тўловни олдиндан амалга оширади.
Сув ҳовузларга йиғилгани учун насослар керакли пайтда қўшилади. Яъни ҳовуздаги сув сатҳи меъёрдан пасайганидан сўнг насослар ишлатилади.
Яйлак тизими 16 минг гектар ерга хизмат қилади. Истеъмолчилар сони 7 минг атрофида.
Шанлиурфа шаҳридаги Харрон университетининг Зироат факультетида бўлдик. Бизни факультет декани профессор Аҳмед Йилмаз бошчилигида профессор-ўқитувчилар кутиб олди.
Факультетда 5500 нафар талаба ўқийди. Тупроқшунослик, ўсимликшунослик, қишлоқ хўжалиги техникалари каби 7 йўналишда мутахассис тайёрланади, дипломи Европа давлатларига ўтади.
Дунёда сув ресурслари билан боғлиқ вазият, иқлим ўзгаришининг таъсири, Туркияда қўлланилаётган сув тежовчи технологияларнинг турлари ҳақида тақдимотлар тингланди.
Туркиянинг Низап вилоятидаги Сув уюшмаси бош бошқармаси Газиантеп шаҳрида жойлашган. Вилоятнинг асосий сув манбаси Фрот дарёси. Жами 100 минг гектар суғориладиган ерлар мавжуд. Шундан 90 минг гектари писта, 10 минг гектари зайтун майдонларидан иборат.
Дарёдан сув келтирувчи 15 км ва 24 км узунликдаги 2 та канал мавжуд. Каналдан келаётган сув насос орқали ҳовузларга ташлаб берилади. Ёпиқ қувурлар орқали далага етказилади.
100 минг гектарнинг ҳаммаси ёпиқ тизимда суғорилади. Ёпиқ суғориш тармоқларининг узунлиги 330 км.
Истеъмолчи даласигача бўлган суғориш тармоқларини қуриш давлат томонидан молиялаштирилади. Эксплуатация харажатлари уюшма томонидан қопланади.
Суғориш ёпиқ тизим бўлгани учун истеъмолчилар гектарига қараб ҳақ тўлайди. Сувга истеъмолчилар маблағни олдиндан тўлайди. Гидрантлар автомат очилади, ёпилади.
Бу ерда 3000 нафар сув истеъмолчиси бор экан.
Вилоят Сув уюшмаси бош бошқармаси раҳбари Давлат сув ишлари бош бошқармаси томонидан тайинланади. Эксплуатация харажатлари истеъмолчилардан йиғилган маблағ ҳисобидан қопланади. Ходимлар сонини ҳам уюшма ўз бюджетидан келиб чиқиб ўзи белгилайди.
Делегациямиз аъзолари уюшма раҳбарияти билан мулоқот чоғида экслуатация харажатлари, уюшманинг ва истеъмолчиларнинг мажбуриятлари каби жиҳатларни ўрганди.
Измир шаҳрида Smart Moe’s фирмасида учрашув ўтказилди. Ушбу фирма суғоришда фойдаланиладиган рақамли технологияларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади.
Мисол учун, тупроқ таркиби, тузланиш, намликни ўлчайдиган технология намойиш этилди. Тўпланган маълумотлар базага онлайн узатилади. Яратилган технология 10 йил ишлайди. Шундан икки йилига кафолат берилади ва бепул сервис кўрсатилади.
Фирманинг ўз олдига қўйган мақсади – технологияларни ривожлантириш орқали сув хўжалиги соҳасида инсон омили иштирокини камайтириш.
Шу билан бирга, Измир шаҳридаги сув ҳисоблагичлар ишлаб чиқарувчи “Baylan” компанияси фаолияти билан танишилди. 1992 йилда ташкил этилган бу компанияда 1100 нафар ходим ишлайди. Ёпиқ суғориш тизимлари учун ҳам турли ўлчамдаги ҳисоблагичлар ишлаб чиқаради. Маҳсулотлари дунёнинг 90 дан ортиқ давлатларида, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам сотилади.
Янгилиги шундаки, ҳисоблагичлар ультратовушли бўлиб, сувнинг ҳар томчисигача ҳисобга олади. Суғориш тармоқларидаги гидрантларга ўрнатилган бундай ҳисоблагичлар масофадан туриб, сарфланган сув миқдорини мониторинг қилиш имконини беради.
Делегация аъзолари ишлаб чиқариш цехларини кўздан кечирди, заводлар фаолияти ҳақида маълумотга эга бўлди.
Сафаримиз қизғин, учрашувларга бой тарзда ўтди. Соҳага доир кўплаб янгиликларни кўрдик, билимларимизни оширдик. Туркия ҳақида бетакрор таассуротларга эга бўлдик.
Ш.Суюнов,
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи



