КОМПОЗИТ МАТЕРИАЛЛИ СУҒОРИШ ЛОТОКЛАРИ: МУАММОДАН ЕЧИМГА
2026-01-24 10:50:00 / Янгиликлар

🛠 Эскирган лотоклар сув йўқотишларига сабаб бўлади
Ўзбекистонда 4,3 миллион гектардан ортиқ суғориладиган ер майдонлари бўлиб, уларни сув билан таъминлаш катта ва мураккаб ирригация тизими орқали амалга оширилади. Мамлакатдаги суғориш тармоқларининг умумий узунлиги 160 минг километрдан ортиқ, шундан темир-бетон лотоклар 19,5 минг км ни ташкил этади. Улар орқали қарийб 1 миллион гектар ер майдони сув билан таъминланади.
Афсуски, лоток тармоқларининг аксарияти 35-40 йилдан зиёд хизмат кўрсатган, бугунги кунда уларнинг 70 фоиздан ортиғи реконструкция ёки тўлиқ алмаштиришни талаб қилади. Натижада ушбу ирригация тизимининг ўртача фойдали иш коэффициенти 0,65 дан ошмайди, айрим ҳудудларда эса бу кўрсаткич бундан ҳам паст ҳисобланади. Бу эса манбадан олинаётган сувнинг 35-40 фоизи суғориш жараёнида йўқотилаётганини англатади.
💡 Илмий ечим: композит материалли суғориш лотоклари
Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан замонавий ечим - композит материаллардан тайёрланадиган суғориш лотоклари ишлаб чиқилди.
Лойиҳа ғояси узоқ йиллар давомида гидротехник иншоотларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги ва сув тежаш технологиялари устидан илмий изланишлар олиб борилганлиги ва кўп йиллик амалий тажриба ва илмий тадқиқотлар асосида шаклланган.
🚜 Илмий ечим жорий этилган ҳудудлар
Композит материаллардан тайёрланган ЛК-60 ва ЛК-80 типидаги 3 п/м лик суғориш лотоклари республика бўйича бир қатор ҳудудларда амалий синовдан ўтказилиб қуйидаги ҳудудларда жорий этилди:
Қашқадарё вилояти Нишон тумани — ЛК-60 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 500 метр;
Сирдарё вилояти Оқолтин тумани — ЛК-80 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 300 метр;
Навоий вилояти Қизилтепа тумани — ЛК-80 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 120 метр;
Бухоро вилояти Вобкент тумани — ЛК-60 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 250 метр;
Бухоро вилояти Бухоро тумани — ЛК-60 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 198 метр;
Фарғона вилояти Ёзёвон тумани — ЛК-60 туридаги композит лотоклар, умумий узунлиги 100 метр.
Жорий этилган илмий ечим натижасида сув йўқотишлари камайди, эксплуатация харажатлари қисқарди ҳамда ирригация инфратузилмасининг ишончлилиги ва узоқ муддатли хизмат қилиш имконияти ошди.
✅ Композит суғориш лотокларининг асосий устунликлари:
- Сув сингдириш даражаси жуда паст (0,88%), фильтрация деярли мавжуд эмас;
- гидравлик қаршилик ва напор йўқотишлари темир-бетон лотокларга нисбатан 5-10% га кам;
- хизмат муддати ўртача 55–60 йил;
- ташиш ва ўрнатиш харажатлари темир-бетон лотокларга нисбатан 55-60% арзон;
- -50°С дан +195°С гача ҳароратга чидамли;
- модулли тузилма сабабли тез таъмирлаш имконияти мавжуд;
- лоток тармоқларини қуриш, ташиш ва реконструкция қилиш ишлари учун сарф-харажатлар темир-бетон лотокларга нисбатан 10-20 баробаргача иқтисод қилинишига эришилади.
💦 Қанча сув тежалади?
Амалий ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, композит лотоклар қўлланилганда:
- тупроқ ўзанли каналларга нисбатан сув йўқотишлари 25–40%,
- эски бетон лотокларга нисбатан эса 10-20% га камаяди.
Бир километр ички хўжалик тармоғида йилига 300–600 минг м³ сув тежалиши мумкин.
🚀 Келажакдаги режалар
Композит материалли суғориш лотоклари Жаҳон Банки иштирокидаги MUNIS/BIRD дастури доирасида саноат миқёсида жорий этилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан композит лотокларни 13 та ҳудудда жорий этиш бўйича махсус чора-тадбирлар режаси тасдиқланган ва амалга оширилмоқда.
Яқин 5 йилда - ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва республика бўйлаб жорий этиш,
10 йиллик истиқболда - Марказий Осиё мамлакатлари бозорига чиқиш, рақамли ва сунъий интеллект элементлари билан интеграциялаштирилган ирригация тизимларини яратиш режалаштирилган.
🌱 Хулоса
Композит суғориш лотоклари – бу шунчаки янги маҳсулот эмас. Бу сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги барқарорлиги ва иқлим ўзгаришига мослашув сари қўйилган аниқ қадамдир.
💧 Композит лотоклар - бу фақат технология эмас, балки ҳар гектар учун ишончли ечим. Зеро, сувни асраш ва самарали фойдаланиш - бугунги куннинг энг муҳим вазифа ҳисобланади!
Азизбек Эрназаров,
Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти илмий ходими




