СТРАТЕГИЯ ЛОЙИҲАСИ МУҲОКАМАДА
2026-01-23 19:35:00 / Янгиликлар

Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган Ўзбекистоннинг тараққиёти, халқининг фаровонлиги ва осойишталиги сув ресурсларига ҳам боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада сув масаласига алоҳида эътибор қаратдилар. “Дунёда сув танқислиги муаммоси тобора долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик”, - деди Президентимиз.
Мамлакатимиз тараққиётининг дастури ҳисобланган муҳим ҳужжат – “Ўзбекистон-2030” стратегиясида ҳам 4 та мақсад сув ресурслари йўналиши билан бевосита боғлиқ.
Бугун “Тараққиёт стратегияси” марказида такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳасининг “Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” йўналиши бўйича матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги, “Тараққиёт стратегияси” маркази масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида эришилган улкан натижалар, янги устувор вазифалар “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқишни тақозо этаётганини, мамлакатимизнинг келгуси беш йиллик тараққиётига дахлдор бўлган ушбу ҳужжат кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштирилиши зарурлигини таъкидлаган эдилар.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси тайёрланиб, uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан ўтказилган матбуот анжуманида лойиҳанинг сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишида илгари сурилаётган таклифлар ҳақида сўз юритилди.
Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати бошлиғи Ш.Суюновнинг таъкидлашича, мамлакатимизда суғориладиган экин майдонлари 4,3 млн гектарни ташкил этади. “Ўзбекистон - 2030” стратегиясида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 млн гектаргача етказиш вазифаси қўйилган.
Амалда 2025 йил охирига келиб 2,6 млн гектар майдон, яъни суғориладиган ерларнинг 60 фоизи сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинди. Стратегияда қўйилган вазифа ортиғи билан бажарилди.
Стратегиянинг янги лойиҳасида 2030 йилгача қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялар билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилмоқда. Жумладан, 2026 йилда 65 фоизга, 2027 йилда 75 фоизга, 2028 йилда 85 фоизга, 2029 йилда 95 фоизга, 2030 йилга бориб 100 фоизга етказиш режалаштирилаяпти.
Бу вазифани бажариш учун имкониятлар етарли. Агарда 2019 йилда республикамизда сувни тежайдиган технологияларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарадиган 3 та корхона фаолият юритган бўлса, бугунги кундан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар сони 60 та етди.
Амалдаги стратегиядан фарқли равишда ҳужжатнинг янги лойиҳасида мақсадларнинг самарадорлик кўрсаткичлари йиллар кесимида аниқ белгилаб берилаётгани, молиявий манбалар, самарадорлик кўрсаткичига эришишга масъул идора кўрсатилгани таъкидланди.
Матбуот анжуманида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги вакилларининг ҳам тақдимотлари тингланди.
Якунда масъуллар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарди.
Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, uzbekistan2030.uz ва regulation.gov.uz платформаларида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси бўйича бугунги кунга қадар 2204 та таклиф келиб тушган.
Жумладан, 62-мақсад – республикада сувдан оқилона фойдаланиш маданиятини ва сув ишлатиш самарадорлигини ошириш бўйича 21 та фикр билдирилган.
63-мақсад бўйича 7 та, 64-мақсад бўйича 4 та, 65-мақсад бўйича 8 та фикр келиб тушган.
Муҳокама давом этмоқда.
Сиз ҳам қатнашинг, ўз фикрингизни билдиринг, Ватандош!
Ахборот хизмати





