МУАММОЛАР ОЧИҚ АЙТИЛДИ, СУСТКАШЛИК КЕСКИН ТАНҚИД ҚИЛИНДИ
2026-01-23 18:35:00 / Янгиликлар

Кескин ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда ривожлантириш жамғармалари ҳисобига маблағ тушириш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани, бухгалтерия ҳисоби ва молиявий интизомдаги жиддий камчиликлар, харажатлар ҳисоб-китобида аниқлик ва шаффофликнинг етишмаслиги кескин танқид остига олинди. Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларининг қониқарсиз аҳволда экани ҳам алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, экскаваторлар иш фаолияти самарадорлигининг пастлиги, мавжуд техникалардан тўлиқ ва мақсадли фойдаланилмаётгани йиғилиш танқид марказида бўлди.
Кунлик ўқув семинарларининг айрим ҳолларда номигагина ташкил этилаётгани, баъзи семинарлар эса фақат ҳисобот учун расмга тушиш билан чекланаётгани кескин муносабатга сабаб бўлди.
— Номига ўтказилган семинардан нима фойда? Тўрт томондан расмга тушиш билан иш битмайди, — дея йиғилишда қатъий фикр билдирилди.
Зарафшон магистрал тизимлари бошқармасига қарашли жами 73 та “Ақлли сув” қурилмасидан 57 таси ҳозирги кунда ишламаётгани таъкидланиб, мазкур ҳолат соҳада рақамлаштириш ишлари суст олиб борилаётганидан далолат экани қайд этилди.
Шу билан бирга, “Самарқандсувқурилишинвест” ДМ томонидан Президентнинг тегишли қарорлари ижроси доирасида Қўшработ туманидаги “Оқтепасой”га оқиб келувчи 2 км канални бетонлаш ва сув тўсиш иншооти қуриш, Иштихон тумани “Барлос” МФЙ ҳудудидаги “Тўсинсой” сойига сув тўсувчи иншоот барпо этиш, “Янгикент” насос станциясига сув келтирувчи 1,5 км канални бетонлаштириш, Оқдарё туманида Оқдарё дарёсининг ПК10+00 дан ПК60+70 гача бўлган қисмини реконструкция қилиш, Булунғур туманида 23,5 км канални бетонлаш, 11,3 км қувур тортиш ва 2,5 км лоток ўрнатиш орқали 2,2 минг гектар ер майдонининг сув таъминотини яхшилаш, шунингдек, Пайариқ туманидаги “Пай” каналини ПК35+00 дан ПК183+00 гача тўлиқ реконструкция қилиш ишларида йўл қўйилаётган камчиликлар муҳокама қилинди.
Йиғилиш якунида экскаваторларга GPS қурилмаларини ўрнатиб, улар фаолиятини онлайн мониторинг орқали назорат қилиш, ишларни икки сменада ташкил этиш, бетонлаштириш ишларини жадаллаштириш, бухгалтерия ҳисобини тўлиқ рақамлаштириш, молиявий ҳисоботларни ўз вақтида ва шаффоф юритиш, шунингдек, жамоатчиликка асоссиз ёки нотўғри маълумотлар тарқатмаслик бўйича масъулларга қатъий топшириқлар берилди.
Аниқланган камчиликларни бир ҳафта муддатда бартараф этиш вазифаси юклатилди.
Н.Шодмонқулов,
Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби




