ЎЗБЕКИСТОН-ҚОЗОҒИСТОН: СУВ БЎЙИЧА ҲАМКОРЛИК МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА
2026-01-19 10:30:00 / Янгиликлар

Дастлаб Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси ўртасида сув муносабатларининг барча соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қўшма ишчи комиссиясининг 13-йиғилиши ўтказилди.
Ўзбекистон томонидан ушбу йиғилишда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат делегация иштирок этди.
Йиғилишга Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов раислик қилди.
Сўзга чиққан Туркистон вилояти ҳокими Нуралхан Кушеров икки давлат раҳбарларининг дўстона муносабатлари ва оқилона сиёсати натижасида сув билан боғлиқ масалалар ижобий ҳал бўлаётганини эътироф этди. 2025 йил вегетация мавсумида Қозоғистон сув етказиб беришдаги саъй-ҳаракатлари учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди.
Йиғилиш доирасида Сирдарё ҳавзасидаги ҳолат, трансчегаравий сув хўжалиги объектларида сув ҳисобини мониторинг қилиш, автоматлаштириш, каналларни таъмирлаш, сув тежамкор технологиялар ҳамда чегара ҳудудларида дренаж сувларини тартибга солиш масалалари кўриб чиқилди. Жумладан, Чордара сув омборига келиб тушаётган сув ҳажмини аниқлашда “Кўкбулоқ” ва “Келес” гидропостлари, шунингдек “Шўрузак” ва “Шарқий” коллекторларини рақамлаштиришга келишилди.
Қозоғистон томони 2026 йил якунига қадар Ўзбекистон ҳудудига қуйиладиган трансчегаравий коллекторларда гидропостлар ўрнатиш ва тозалаш ишларини амалга оширишини маълум қилди.
Сув тежовчи технологияларни жорий этишда Қозоғистон Республикасидаги лойиҳаларга ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ва лойиҳачиларни жалб этиш келишиб олинди.
Шу билан бирга, қозоғистонлик мутахассисларни Ўзбекистондаги «Сувчилар мактаби» платформасида малака ошириш ва ўқитиш бўйича 2026 йилда ҳам ҳамкорликни давом этиш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, Марказий Осиёда сув-энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ва барқарор ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилди.
Йиғилиш дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтди ҳамда унинг якунида тегишли баённома имзоланди.
Ахборот хизмати


