СУВ ХЎЖАЛИГИ ХОДИМЛАРИГА
2025-12-30 12:15:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум!
Савобли касб эгалари бўлган сув хўжалиги ходимлари, уларнинг оила аъзолари, бутун халқимизни кириб келаётган қувончли ва шукуҳли айём – Янги йил байрами билан самимий табриклайман.
Сув – энг улуғ неъмат.
Ҳурматли Президентимиз Мурожаатномада ислоҳотларимизнинг илк кунлариданоқ сувдан оқилона фойдаланиш давлат сиёсати даражасига олиб чиқилганини эътироф этди.
Жорий йилда 2 млн 300 мингга яқин аҳолининг сув таъминоти яхшилангани ёки 867 та маҳалладаги 470 мингта хонадонга томорқаларни суғориш учун илк бор сув етиб боргани таъкидланди.
Президентимиз қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2025-2028 йилларга мўлжалланган дастури қабул қилинди.
Дастур доирасида сувни тежайдиган технологиялар қамрови 61 фоизга ёки 2,6 млн гектарга етказилди.
2025 йилда 1 трлн 706 млрд сўм маблағлар ҳисобига 788 км каналлар, 147 км суғориш тармоқлари, 10 та насос станцияси, 329 км коллектор-дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Кўрилган чора-тадбирлар натижасида 10 млрд куб метр сув иқтисод қилинди.
Яратганнинг инояти билан ёғингарчиликлар бўлиб, йил охирида сув омборларидаги захиралар сезиларли даражада кўпайди. Сувдан фойдаланишга стратегик мақсадларимиз бўйича ёндашиб, қиш ва баҳор мавсумида сув омборларига зарур миқдордаги оби ҳаётни йиғиб олиш чораларини кўрамиз.
Мурожаатномада 2026 йилда 1,3 минг км йирик магистрал каналлар бетон билан қопланиши, бунинг учун бюджетдан 3 трлн сўм сарфланиши таъкидланди.
Келгуси йил якунига қадар 503 минг гектарда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишга 3,3 трлн сўм йўналтирилади.
12 млрд куб метр сув иқтисод қилиниб, экин майдонлари ва аҳоли томорқаларида қўшимча озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун етказиб берилади.
Шу билан бирга, ҳар бир канал, насос станцияси, ҳар бир объект кесимида кузги-қишки тадбирларни сифатли олиб бориш, янги суғориш мавсумига тайёргарликни тўлиқ якунига етказиш, соҳани рақамлаштиришни изчил давом эттириш, ДХШ лойиҳаларини кенгайтириш, “Яшил макон” бўйича олдимизга ўта масъулиятли вазифалар қўйилган.
Сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, билдирилган юксак ишончни оқлашларига ишонаман.
Барчангизни яна бир бор Янги йил билан табриклайман. Соғлик-саломатлик, оилавий бахт тилайман.
Юртимиз тинч, сувимиз мўл ва баракали бўлсин.
2026 йил хайрли, файзли келсин!
Шавкат Хамраев,
Сув хўжалиги вазири
2025 йил 30 декабрь
