МАТБУОТ АНЖУМАНИДА ЙИЛ САРҲИСОБИ ВА КЕЛГУСИ РЕЖАЛАР ҲАҚИДА МАЪЛУМОТ БЕРИЛДИ
2025-12-25 11:20:00 / Янгиликлар

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Юсупов 2025 йил давомида соҳадаги ислоҳотлар, ҳудудларга етказиб берилган сув миқдори, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, каналларни реконструкция қилиш борасида амалга оширилган тадбирлар хусусида ахборот берди.
Таъкидланганидек, 2025 йил суғориш мавсумида дарёларда сув оқими меъёрга нисбатан 85–90 фоиз атрофида бўлди. Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун республика бўйича жами 5 млрд. куб метрдан ортиқ сув етказиб берилди.
Ушбу сув ресурслари билан 53 минг га майдондаги ғалла, 80 минг га пахта, 180 минг га мева-сабзавот ва бошқа экинлар суғорилди. Бундан ташқари, 145 минг га майдонда шўр ювиш ва нам сув бериш ишлари амалга оширилди, шундан 21 минг га майдондаги такрорий экинлар учун сув берилди.
Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари замон талабларига мослаб борилаётганлиги ҳамда сувни тежайдиган технологиялар жорий қилган фермер ва деҳқонлар самарасини кўраётганлиги натижасида 2019–2025 йиллар давомида жами 290 минг 441 гектар майдон сув тежовчи технологиялар билан қамраб олинди, суғориладиган майдонларга нисбатан улуши 56 фоизга етказилди. Жумладан, 24,1 минг гектарда томчилатиб, 7,3 минг гектарда ёмғирлатиб, 614 гектарда дискрет ва 37,2 минг гектарда бошқа турдаги суғориш технологиялари жорий қилинди ҳамда 221,2 минг гектар ерлар лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Бундан ташқари, 2025 йилнинг ўзида жами 75,2 минг гектар (режага нисбатан 171%) майдонда сув тежовчи технологиялар, жумладан, 2,9 минг гектарда томчилатиб суғориш, 1,9 минг гектарда ёмғирлатиб суғориш ҳамда 6,1 минг гектар майдон эгилувчан қувурлар орқали ва 2,1 минг гектар майдон эгатга плёнка тўшаб суғорилди ва 62,2 минг гектар майдонда лазерли текислаш ишлари амалга оширилди.
Натижада айнан сув тежовчи технологиялар ҳисобидан 2025 йилда 360 млн. куб метрдан зиёд сув тежалишига эришилди.
Кейинги йилларда суғориш тармоқларида сувнинг йўқотилишини камайтириш ва каналларнинг фойдали иш коэффициентини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Каналларнинг бетонлаштирилиши натижасида сув йўқотилишининг олди олиниб, экин майдонлари, томорқа ерларига кафолатли сув етказиб беришга эришилмоқда ва натижада аҳоли кайфияти, уларнинг турмуш тарзи ва қўшимча даромад олишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.
2025 йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 87,9 млн. сўм ажратилиб, 14 та лойиҳа доирасида 45,4 км (шундан, 42,1 км қисми бетонлаштирилди) узунликдаги каналлар, 7,2 км лотоклар ва 2 та насос агрегатлари, шунингдек, 4 та сув тўсувчи иншоот қурилиб, реконструкция қилинди.
Бундан ташқари, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида сув таъминоти оғир бўлган маҳаллалардаги аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш лойиҳалари учун бюджетдан 198,5 млдр. сўм маблағ ажратилди.
Ушбу дастурга кўра, 89 та лойиҳа доирасида 857,2 км узунликдаги каналлар, 37 та суғориш қудуғи, 207 та насос агрегати ҳамда 85,5 км босимли қувурларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида 68 270 та хонадонда истиқомат қиладиган аҳолининг 10,98 минг гектар томорқасида сув таъминоти яхшиланишига эришилди.
Б.Юсупов 2026 йилда сув хўжалигида амалга оширилиши белгиланган асосий вазифаларга ҳам тўхталиб ўтди.
Маълумот берилишича, 14,4 минг гектар суғориладиган ер майдонда сув тежовчи технологиялар қўлланишиши режалаштирилган. Бундан ташқари, 63 минг га қишлоқ хўжалиги экин майдонларида лазерли текислаш ишлари амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан бюджетдан ажратиладиган 81,0 млдр. сўм маблағлар ҳисобига 44 км узунликдаги каналларни бетонлаштириш тадбирларини амалга ошириш режалаштирилган.
Хусусан, Нукус туманидаги “Сорали”, Шуманайдаги “Ак жап”, Тахиатош туманидаги “Эски Кенегес” (2-босқич), Чимбойдаги “Тағ жап” каналида реконструкция ишларини амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, 535,7 км узунликдаги канал тозаланади, 287 дона гидротехника иншооти ҳамда 169 дона гидропост таъмирланади. Туманлар чегарасида олинаётган сув миқдорини реал вақт режимида кузатиш имкониятини яратувчи камида 1 80 та рақамли сув ўлчаш қурилмалари ўрнатилади. Шунингдек, 364 та мелиоратив кузатув қудуғи автоматлаштирилган мониторинг тизимига ўтказилади. Шу билан бирга 95 та насос агрегатининг сув сарфи ҳисобини онлайн режимда мониторинг қилиб бориш тизими йўлга қўйилади.
Матбуот анжуманида Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармаси бошлиғи в.в.б. Н.Аралбаев ҳам насос станциялари ва уларни электр энергиядан самарали фойдаланиш борасида йил давомида қилинган ишлар бўйича ахборот берди.
Маълумки, Президентимиз раислигида 2024 йил 7 ноябрда ўтказилган видеоселекторда 2025 йил – сув хўжалигида “Насослар самарадорлигини ошириш йили” деб белгиланган эди. Шундан сўнг бу борада амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди ва унга кўра, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2025 йилда бошқарма тасарруфидаги насослардан 20 таси энергия тежамкор насосга алмаштириди. Натижада ўртача 528,1 минг кВт/соат энергия тежалди. Шунингдек, давлат насосларига жами 214 кВт қувватли қуёш панелларини ўрнатилди ва 408 миллион кВт/соат энергия тежалишига эришилди.
Эътиборлиси, сўнгги пайтларда кластер ва фермер хўжаликларида ҳисобидаги насос агрегатларини ҳам энерго тежамкорга алмаштириш ҳамда уларга қуёш панеллари ўрнатиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Агар маълумотларни таҳлил қиладиган бўлсак, жорий йилда 6 918 кВт электр қуввати ишлаб чиқарадиган қуёш панеллари ўрнатилгани ҳисобига ўртача 3,2 миллион кВт/соат энергия тежашга эришилган.
Матбуот конференциясининг иккинчи қисми очиқ мулоқот тарзида давом этди. Унда журналистлар соҳа масъулларига олис овулларга сув етказиш, каналларни реконструкция қилиш, канналлар атрофида дарахт кўчатларини экиш, сув солиғи ва ҳисоб китобини юритиш масалалари юзасидан берган саволларига атрофлича жавоблар олишди.
Тадбир якунида сувдан самарали фойдаланиш, соҳада амалга оширилаётган ишларни жамоатчиликка кенг ёритиш бўйича вазирлик билан оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамкорлигини кучайтиришга келишиб олинди.
Қорақалпоғистон Республикаси
Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати






