ЧУСТ ТУМАНИ СУВ ИСТЕЪМОЛЧИЛАРИ БИЛАН ВИДЕОМУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
2025-12-24 17:45:00 / Янгиликлар

Унда Вазирлик ишчи гуруҳи вакиллари, вилоят сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари, туман ҳокими, “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасаси директори ва мутахассислари, фермерлар ва бошқа сув истеъмолчилари, фуқаролик жамияти институти ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Чуст туманида 30 минг гектардан зиёд суғориладиган ер майдонлари бўлиб, йилига ўртача 255 млн. куб метр сув истеъмол қилинади. Сувнинг 38 фоизи насослар орқали олинади.
Туманда 285 км каналлар, 785 км ички суғориш тармоқлари, 434 км коллекторлар, 23 та насос станциялари, 352 та суғориш тик қудуқлар мавжуд.
Охирги йилларда туманда 25,3 млрд. сўм (24,7 млн. сўм ирригация, 642 млн. сўм мелиорация) маблағ ҳисобига 3 та ирригация, 1 та мелиорация объектларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилиши натижасида 7900 гектар майдонларнинг сув таъминоти ва 560 гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Чуст туманидаги “Сўфибобо” каналининг 6,4 км, “Каркидон” каналининг 17,5 км қисми реконструкция қилинди.
“Катта Наманган” магистрал каналининг ПК-470+00 даги “Резаксой” ташламаси ва дюкери реконструкция қилинди.
“Баймоқ” коллекторлар тизимининг 40 км узунликдаги қисмида таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди.
Видеомулоқотда вазирга 15 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди. Жумладан, “Тоймасобод” МФЙда яшовчи Содиқжон Жафаров “Қайрағоч” ариғининг сел-тошқин пайтида фойдаланиладиган ташламасидаги чиқиш қисмини бетонлашда ёрдам сўради. Бу масалани кузги-қишки тадбирлар доирасида ҳашар йўли билан ҳал этиш бўйича туман “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассаси директорига топшириқ берилди.
“Шербулоқ” МФЙда яшовчи Лутфуллажон Қодировнинг суғориш тик қудуғи қуриш, “Нор” фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Усмоновнинг М-3 каналини бетонлаш бўйича мурожаатларини ҳам ижобий ҳал этиш бўйича масъулларга вазифа юклатилди.
Видеомулоқотда Наманган вилояти тожик миллий маданий маркази раиси, Нуронийлар Кенгаши фаоли Абдусаттор Ғафуров сўзга чиқиб, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган, деҳқон ва миришкорларга сувни етказиб бераётган соҳа ходимларига миннатдорлик билдирди.
Ахборот хизмати




