ЁМҒИР СУВИДАН ФОЙДАЛАНИШ
2025-12-24 12:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, аҳоли сонининг ошиб бориши ва шаҳарларнинг кенгайиши сувга бўлган эҳтиёжни янада кучайтирмоқда. Ана шундай шароитда “Ёмғир сувларини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини янги қурилишлар учун стандарт сифатида жорий этиш” ташаббуси замонавий ва мақсадга мувофиқ ечим ҳисобланади.
Ушбу ёндашув шаҳарсозликда барқарорликни таъминлаш, дренаж тармоқларига тушаётган юкламани камайтириш, суғоришга сарфланаётган сувни ва ичимлик суви истеъмолини сезиларли даражада қисқартириш имконини беради.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳудудларни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун туман (шаҳар) ҳокимликлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ амалга оширилади.
Фармонга биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тартибида Президентнинг 2025 йил 8 октябрдаги қарорида белгиланган “Янги Ўзбекистон қиёфасидаги туман (шаҳар)” мақоми берилган 33 та ҳудуд ҳамда Сурхондарё вилоятининг барча туман ва шаҳарлари қамраб олинади.
Ёмғир сувини йиғиш тизими (RWH — Rainwater Harvesting) биноларда содда ва самарали технологик занжир асосида ташкил этилади. Тизим ёғин сувини йиғиш, тозалаш, сақлаш ва қайта фойдаланишни таъминлайди.
Асосий элементлар
- Том сатҳи — ёғингарчиликни йиғиш учун асосий майдон ҳисобланади.
- Том новлари (гуттерлар) — сувни йиғиб, белгиланган йўналишга олиб боради.
- First-flush separator — ёғиннинг илк, ифлос қисми ажратиб ташланадиган механизм.
- Ёпиқ цистерналар — тозаланган ёмғир сувини хавфсиз сақлаш учун хизмат қилади.
- Қуёш панелида ишловчи насослар — сув узатиш жараёнида энергия тежамкорлиги ва мустақилликни таъминлайди.
- Инфильтрация хандақлари ва био-инфильтрация қудуқлари — ортиқча сувни ерга сингдириш орқали ер ости сувларини тўйинтиришга хизмат қилади.
Иқтисодий ва экологик салоҳият
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 100 м² том майдонига йиллик 300 мм ёғин тушганда, тахминан 30 минг литр ёмғир сувини йиғиш мумкин. 500 м² томли, 5 қаватли (18 хонадонли) бино йилига ўртача 150 минг литр техник сув захирасини ҳосил қилади. Ёмғир сувидан боғдорчилик, автомашина ювиш, совитиш жараёнлари ва санитария (flush) тизимларида фойдаланиш натижасида ҳар бир хонадонда ичимлик суви истеъмоли 30–50 фоизгача камаяди.Тўпланган сув захираси коммунал узилишлар вақтида 2–3 ҳафтагача автоном таъминотни таъминлай олади. Шу билан бирга, ҳовлидаги дарахтлар, буталар, гуллар ва бошқа турдаги экинларни суғоришда қўшимча имконият яратилади.
Тизим кенг жорий этилганда, инфильтрация орқали ер ости сувлари тўйиниши 15–25 фоизгача ошади. 10 минг хонадонда ушбу тизим жорий этилса, йилига 180 минг м³дан ортиқ сув тежалади.
Кутилаётган асосий натижалар
Ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини жорий этиш иқтисодий ва экологик жиҳатдан қатор ижобий натижаларни таъминлайди:
- Ичимлик суви сарфи 30–50 фоизгача қисқаради, бу аҳоли учун тежамкорликни оширади.
- Техник эҳтиёжларнинг 70–100 фоизи ёмғир суви ҳисобига қопланади, ичимлик сувига тушадиган босим камаяди.
- Дренаж тизимига тушадиган юклама 30–35 фоизга камайиб, сув оқовалари билан боғлиқ хавфлар пасаяди.
- Ҳар бир хонадон учун йиллик иқтисодий фойда ўртача 120–250 минг сўмни ташкил этади.
- Ер ости сувлари инфильтрация орқали 15–25 фоизгача тўйинтирилади, бу экологик барқарорликни мустаҳкамлайди.
Халқаро тажриба
Ёмғир сувини самарали бошқариш бўйича қатор давлатларда муваффақиятли тажрибалар мавжуд. Масалан, Сингапурда техник сувнинг 45 фоизи ёмғир суви ҳисобига қопланади. Германия шаҳарларида боғдорчилик ва санитария тизимлари автоном ёмғир сувини қайта ишлаш модулларига уланган. Япония амалиёти орқали тошқин юкламаси 25–30 фоизгача камайтирилган.
Хулоса қилиб айтганда, ёмғир сувини йиғиш ва қайта ишлатиш тизимини янги қуриладиган бинолар учун мажбурий стандарт сифатида жорий этиш Янги Ўзбекистон шаҳарларининг барқарор ривожланишида муҳим қадам бўлади.
Бу ёндашув ичимлик сувини тежаш, иқтисодий самара яратиш, муҳандислик ва дренаж инфратузилмасига тушадиган юкламани камайтириш, ер ости сувлари захирасини тўйинтириш ҳамда шаҳар ва туман экотизимини яхшилашга комплекс таъсир кўрсатади.
Натижада, мазкур тизим экологик барқарорлик, ресурс тежамкорлиги ва замонавий шаҳарсозлик талабларига жавоб берадиган янги стандарт сифатида шаклланиши мумкин.
Мухсиддин Низомиддинов
