ВАЗИРЛИКДА МАЪНАВИЙ-МАЪРИФИЙ ТАДБИР ЎТКАЗИЛДИ
2025-12-05 10:05:00 / Янгиликлар

8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун.
Ҳаётимиз қомуси бўлган Конституциямиз мустақиллик даврида эришган барча ютуқ ва марраларимизнинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлиб келаётганини ҳаммамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.
Инсонни эъзозлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилган устувор тамойилларни ҳаётимизга изчил татбиқ этиш борасида ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Конституциямизнинг 68-моддасида “Ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланиш зарур ва улар давлат муҳофазасидадир” деб белгилаб қўйилган.
Тадбирда дастлаб Конституциямизнинг ҳаётимизда тутган ўрни ҳақида сўз юритилди. Унда сўзга чиққан Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари Рустам Қаршиев бу йил Ўзбекистон Республикасининг Сув кодекси қабул қилинганига эътиборни қаратди.
Кодекс билан сув муносабатлари соҳасида мамлакатимиздаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилди, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 8 та фармони ва 14 та қарори ҳамда Ҳукуматнинг 26 та қарорларидаги нормалар бирлаштирилди.
Янги кодекс сув, сув объектлари, сув хўжалиги объектлари ва сув фонди ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.
Кодекс соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлаш баробарида коррпупциянинг олдини олишга хизмат қилади.
9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни.
Бутунжаҳон иқтисодий форуми маълумотига кўра, коррупция сабабли жаҳон иқтисодиёти ҳар йили 2,6 трлн. АҚШ доллари миқдорида зарар кўради. Бу глобал ЯИМнинг 5 фоизига тенг.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳамда очиқлик бўйича халқаро рейтинг ва индекслардаги Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланиб бормоқда.
10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун.
Давлат мадҳиясининг муаллифи Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов бўлиб, мусиқасини Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор Мутал Бурҳонов яратган. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Унда бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилган.
Ўзбекистон Республикаси мадҳияси ёшларда Ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, миллий ўзлигимизга чуқур ҳурматни шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама баркамол ва етук инсонлар бўлиб вояга етишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раисининг Ёшлар ва аёллар масалалари бўйича ўринбосари Гулшана Худоярова, ЎзЛиДеП Амалий лойиҳалар ва сиёсий таълим маркази раҳбари Насимжон Алимов, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Академияси профессори, полковник Шариф Қобилов мавзулар бўйича маъруза ва тақдимотлар қилишди.
Ахборот хизмати






