ЖАМОАТЧИЛИК ВАКИЛЛАРИ “СУВ ХЎЖАЛИГИДА ВАЗИЯТЛАР МАРКАЗИ” БИЛАН ТАНИШДИ
2025-12-04 17:40:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари бошчилигида сув хўжалиги тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги, хусусан, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг суғориш сувига бўлган талабини қондириш, оби ҳаётдан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, соҳа бошқарувини рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги таъкидланди.
Йирик ўлчамли мониторлар билан жиҳозланган иккита вазиятлар хоналарида сув ва энергия ресурслари ҳисоби ҳамда сув хўжалиги соҳасига ажратилган маблағлардан тўғри ва мақсадли фойдаланиш боғлиқ жараёнларнинг мониторинги юритилади.
Шу билан бирга, соҳада мавжуд барча дастурий таъминотлар маълумотларини йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш имконини берувчи “Рақамли сув хўжалиги” ягона платформаси ишлаб чиқилди.
Натижада сув хўжалиги масалалари бўйича кунлик, оператив (тезкор) маълумотларни туну-кун олиш имконияти янада оширилди, республикада мавжуд 630 мингдан ортиқ сув истеъмолчилари кесимида сув олиш лимитларини белгилаш, уларни туман Халқ депутатлари кенгаши билан келиш жараёнлари тўлиқ электрон кўринишга ўтказилди.
– Вазиятлар маркази бизда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Гулшана Худоярова. – Сув етказиб беришда агрокластер, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан шартномаларни тузиш ва далолатномаларни расмийлаштиришни электрон тизим орқали амалга ошириш йўлга қўйилган. Бу шаффофликни таъминлаш ва коррупциянинг олдини олишга ёрқин мисолдир.
Бундан ташқари, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан насос станцияларда ўрнатилган 8 мингдан ортиқ электр ҳисоблагичлар маълумотлари “Насос станциялари” ахборот тизимига боғланиб, сарфланаётган электр энергия ресурсларини электрон ҳисобини юритиш имконияти яратилган.
Ерларнинг мелиоратив ҳолати мониторингини юритиш, сув хўжалиги объектларининг техник ҳолатини назорат қилиш ҳамда сув кадастри ва сув балансларини юритиш, сув хўжалиги жараёнларини бир жойдан кузатиш ва бошқариш тизими йўлга қўйилган.
Тадбир ЎзЛиДеП Мирзо Улуғбек тумани кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ахборот хизмати






