ҲУДУДИЙ СУВ ХЎЖАЛИГИ ТАШКИЛОТЛАРИ РАҲБАРЛАРИ УЧУН ЎҚУВ КУРСЛАРИ БОШЛАНДИ
2025-11-27 11:05:00 / Янгиликлар

Сув хўжалиги соҳасида ҳам раҳбарлар, мутахассислар, ходимларнинг билим ва малакасини ошириш мунтазам йўлга қўйилган.
Анъанага кўра, бу йил ҳам суғориш мавсуми якунига етганидан сўнг ҳудудий ташкилотлар раҳбарлари учун 3 кунлик ўқув курслари ташкил этилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Президент Администрацияси масъул ходими Ҳ.Мардонов, вазир ўринбосарлари иштирок этди ва сўзга чиқди.
Вазир Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан соҳада кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётгани ва улар ўзининг амалий натижаларини бераётганини эътироф этди.
Президентимиз жорий йил 16 ноябрь куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида минтақада сув тақчиллиги тобора ўсиб бораётгани ва унинг барқарор ривожланишдаги салбий оқибатларини ҳисобга олиб, 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилишни таклиф этди. Бу таклиф Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.
Вазирнинг таъкидлашича, 10 йилликда нафақат Ўзбекистон, бутун минтақа мамлакатлари сув хўжалиги соҳасида улкан ўзгаришлар бўлади. Бу сувчилар учун катта масъулият юклайди.
Тошкентдаги Сувчилар мактабида бўлиб ўтаётган ўқув курсларига Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармалари, республика аҳамиятидаги йирик сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари жалб этилган.
Малака ошириш курслари Ўзбекистон Республикаси Сув кодекси ва унинг мазмун-моҳияти ҳақидаги маъруза билан бошланди.
Ахборот хизмати




