ДАВЛАТЛАРАРО СУВ ХЎЖАЛИГИНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШ КОМИССИЯСИНИНГ ЙИҒИЛИШИ ЎТКАЗИЛДИ
2025-11-14 17:10:00 / Янгиликлар

Йиғилишни Туркманистон Сув хўжалиги давлат қўмитаси раиси Д.Генджиев очиб берди. Унда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев, Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Д.Шоди ўз нутқлари билан иштирок этиб, муҳим масалалар юзасидан фикр билдирди.
Шу билан бирга, йиғилишда комиссия ижро этувчи органлари ҳисобланган “Амударё” ва “Сирдарё” ҳавзалари сув хўжалиги бирлашмалари, Илмий-ахборот маркази ва котибияти раҳбарлари қатнашиб, зарур маълумотлар ва ҳисоботларни тақдим этди.
Йиғилишда дастлаб 2025 йилги вегетация даврида “Сирдарё” ва “Амударё” ҳавзалари бўйича белгиланган лимитлардан фойдаланиш натижалари ва сув омборлари каскадларининг иш режими бўйича ҳисоботлар тингланди.
2025–2026 йиллар новегация даврида мамлакатлар томонидан сув олиш лимитлари ва сув омборлари каскадларининг прогноз иш режимлари тасдиқланди.
Ўзбекистон делегацияси раҳбари Ш.Хамраев ўз нутқида 2025 йил вегетация мавсумида сув тақчиллиги юзага келганлиги натижасида бугунги кунда сув омборларда сув заҳираси ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада кам эканлигини таъкидлаб, 2026 йил ҳам сув тақчиллиги юқори бўлиши мумкинлигига эътиборни қаратди.
Жорий йилда сув танқис бўлишига қарамасдан, “Сирдарё” ва “Амударё” ҳавзаларини бошқариш бўйича олиб борилган ҳамкорлик учун соҳада фаол иштирок этган барча ташкилотлар ҳамда Давлатлараро комиссиянинг Илмий-ахборот маркази томонидан олиб борилган ишларни юқори баҳолади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сув хўжалиги соҳасига қаратаётган алоҳида эътибори ва яқинда қабул қилинган “Сув кодекси”, шунингдек 2025–2028 йилларга мўлжалланган Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантириш дастури соҳада ҳуқуқий ва институционал асосларни янада мустаҳкамлагани эътироф этилди.
Йиғилиш давомида сув тақсимотини рақамлаштириш ва автоматлаштириш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Сув ҳисобини шаффоф ва аниқ юритиш, гидрологик ва иқлим прогнозларидан фойдаланиб режалаштириш имкониятларини кенгайтириш мақсадида “Сирдарё” ҳавзасидаги гидропостларни модернизация қилиш, мониторинг маълумотларини рақамлаштириш ва маълумотлар алмашинувининг ягона тизимини жорий этиш муҳим эканлиги қайд этилди.
Минтақада сув тежовчи инновацион технологияларни кенг жорий этиш ва ирригация тизимларини модернизация қилишнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди.
Мазкур йўналишда семинарлар, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни ташкил этиш орқали самарали технологиялар ва бошқарув амалиётларини кенг татбиқ этиш зарурлиги айтиб ўтилди.
Йиғилиш иштирокчилари томонидан сув ресурсларини иқтисодий ва экологик жиҳатдан оқилона тақсимлашга қаратилган аниқ ташаббуслар устида ишлаш зарурлиги таъкидланди.
Ш.Хамраев “Тўхтағул” сув омборидан охирги пайтларда сувнинг катта ҳажмда чиқарилаётгани натижасида омбордаги сув захиралари сезиларли даражада камайганлигини таъкидлаб, бу ҳолат 2026 йилги вегетация даврида минтақада сув танқислиги юзага келиш эҳтимолини ошириши мумкинлигига эътиборни қаратди.
Шу муносабат билан, Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаларининг сув ва энергетика мутахассислари ўртасида яқин ҳамкорликда аниқ чоралар режасини ишлаб чиқиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва эҳтимолий хавфларни бартараф этиш мақсадида мослашув механизмларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда Қозоғистон Республикаси Сув ресурслари ва ирригация вазири Н.Нуржигитов 2025 йил давомида Қозоғистонда юзага келган сув танқислиги билан боғлиқ қийин вазиятда Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон томонининг фаол иштироки ва қўллаб-қувватлаши натижасида вегетация мавсуми яхши ўтказилганлигини билдирди.
Шунингдек, Тожикистон Республикаси Энергетика ва сув ресурслари вазирининг биринчи ўринбосари Д.Шоди Комиссия котибиятининг фаолиятини такомиллаштириш ташаббусини илгари сурди. Йиғилиш иштирокчилари ушбу таклифни маъқуллаб, уни навбатдаги 92-йиғилишга қадар амалга оширишга розилик билдирди.
Шунингдек, минтақада мавжуд сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи Давлат раҳбарларининг саммитларидан келиб чиқадиган вазифалар ҳамда кун тартибидаги масалалар кўриб чиқилди.
Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссиясининг навбатдаги 92-йиғилишини Тожикистонда ўтказишга келишиб олинди.
Мазкур йиғилиш дўстона ва конструктив руҳда бўлиб ўтди ҳамда йиғилиш якуни билан тегишли баённома имзоланди.
Ахборот хизмати

