Халқаро маслаҳат кенгаши экспертлари билан иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2025-02-12 11:25:00 / Янгиликлар

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги директори Беҳзод Мусаев, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосарлари Ахадбек Хайдаров, Отабек Фозилкаримов, Умид Абидхаджаев, Илҳомжон Умрзаков ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Учрашув аввалида меҳмонлар томонидан мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар ва олдинга қўйилган мақсадлар юқори баҳоланди.
Мулоқот давомида томонлар ижтимоий-иқтисодий йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш, солиқ бошқаруви соҳасини такомиллаштириш, пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш, инсон капиталини ошириш ва демографик дивиденддан самарали фойдаланиш ҳамда ҳудудларни самарали ва барқарор ривожлантиришда Европанинг илғор тажрибаларидан кенг фойдаланиш юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Шунингдек, муҳокамалар давомида томонлар яшил иқтисодиётни рағбатлантириш ва яшил трансформация жараёнларини жадаллаштириш, замонавий ва яшил технологиялар асосида барқарор иссиқлик таъминоти тизимини шакллантириш ҳамда энергия самарадорликни ошириш, миграция билан боғлиқ иқтисодий салоҳиятни ривожлантиришда ҳамкорлик юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олди.