Олмаотада Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2025-01-31 15:55:00 / Янгиликлар
![Олмаотада Евроосиё ҳукуматлараро кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди](/_next/image?url=https%3A%2F%2Fapi-portal.gov.uz%2Fuploads%2F671fa4a3-1594-68d6-649d-78058e57affa_lists_slider_34692.jpg&w=3840&q=75)
Беларус Республикаси раислигида ўтган йиғилишда Қозоғистон Бош вазири О.Бектенов, Беларус Бош вазири Р.Головченко, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси А.Касималиев, Россия Ҳукумати раиси М.Мишустин, Арманистон Бош вазири ўринбосари М.Григорян, Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати раиси Б.Сагинтаев ҳамда ЕОИИда кузатувчи-давлат сифатида Эрон Биринчи вице-президенти М.Ареф ва Куба Бош вазири М.Крус (видео мурожаат орқали) ҳамда Озарбайжон Бош вазири А.Асадов меҳмон мақомида қатнашди.
Ўзбекистон кузатувчи сифатида ЕОИИнинг кўп томонлама йиғилишларида Иттифоқ давлатлари ва органлари билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш ташаббуслари билан фаол иштирок этаётгани таъкидланди.
Хусусан, 2024 йил октябрь ойида қабул қилинган Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг уч йиллик ҳамкорликдаги фаолияти режаси амалга оширилмоқда.
Йиғилишда Ўзбекистон Бош вазири Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил декабрь ойида бўлиб ўтган Олий Евроосиё саммитида илгари сурган ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳамда амалга оширишга чақирди.
Йиғилиш якунлари бўйича қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинди:
- “ЕОИИ давлатларининг хўжалик юритувчи субъектлари томонидан агросаноат мажмуаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга оширишда молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларидан фойдаланиш тўғрисида”ги топшириқ;
- “ЕҲКнинг 2024 йилда қабул қилинган айрим қарорлари бажарилиши ҳолати тўғрисида”ги топшириқ;
- “ЕОИИга аъзо давлатлардаги макроиқтисодий вазият ва барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича таклифлар тўғрисида”ги фармойиш;
- “Олий Евроосиё иқтисодий кенгашига ЕИК Кенгаши аъзоси номзодини тақдим этиш тўғрисида”ги фармойиш;
- “ЕОИИ давлатларида ташкил этилган аукционларда қимматли қоғозларни жойлаштириш ва муомалага чиқариш учун трансчегаравий рухсат тўғрисида”ги битим.