Инвестиция лойиҳаларини амалга оширилиши билан танишилди
2026-08-26 09:40:00 / Янгиликлар

“Samo Techno” МЧЖнинг қиймати 10 млн доллар бўлган “HANSON” миллий бренди остида офис техникаси ва ҳисоблаш машиналарини ишлаб чиқариш ҳамда йиғиш корхонаси кўздан кечирилди.
Корхона 2025 йилда ишга туширилган бўлиб, унда 50 та иш ўрни яратилган. Ишлаб чиқариш қуввати йилига 30 минг дона маҳсулотни, маҳаллийлаштириш даражаси эса 35 фоизни ташкил этади.
Келгусида ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар турини кўпайтириш мақсадида қувват блоклари ҳамда микросхемаларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган.
“Neo Med Cardio” МЧЖнинг қиймати 20 млн долларлик замонавий клиника фаолиятини кенгайтириш лойиҳаси тақдим этилди.
Клиника 2025 йилда ишга туширилган бўлиб, лойиҳа доирасида 200 та иш ўрни яратилган.
Клиника йилига 10 000 нафар беморга стационар, 100 000 нафар беморга амбулатор тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда 200 та жарроҳлик амалиётини ўтказиш имкониятига эга.
Комиссия “Савдо ва сервис” юридик шахслар бирлашмаси ҳузуридаги “Савдо академияси” ўқув маркази фаолияти билан танишди. Маҳаллий чакана савдо бозори учун ноёб бўлган ушбу марказ 2025 йилнинг IV чорагида ишга туширилган бўлиб, савдо соҳаси учун кадрларни тизимли тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган.
Марказда 35 та иш ўрни яратилган бўлиб, унинг ўқув қуввати йилига 15 минг нафаргача тингловчининг малакасини ошириш ва уларни ўқитиш имконини беради. Муваффақиятли синов даври якунларига кўра, “Кассир-сотувчи”, шунингдек, “Товаршунос”, “Новвой” ва “Қассоб” йўналишлари бўйича ўқув дастурлари йўлга қўйилди.
“Совғалар” МЧЖнинг қиймати 10 млн долларлик замонавий “ФЛАГМАН” савдо маркази ва унинг ҳудудида Олтин марказини ташкил этиш лойиҳаси доирасидаги қурилиш ишлари кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида 500 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, объектни 2026 йилда тўлиқ ишга тушириш кўзда тутилган.
Ташриф давомида қурилиш ишларининг бугунги ҳолати, лойиҳани белгиланган муддатларда амалга ошириш ҳамда Олтин марказини ташкил этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Ташриф якунида инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада ривожлантириш, шунингдек, аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди.


