Самарқанд ва Беларус ўртасида инвестиция ва саноат соҳаларида ҳамкорлик кенгаймоқда
2026-08-13 10:05:00 / Янгиликлар

Минскда «Белинвестбанк» ва Беларус Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, унда инвестиция ва ишбилармонлик ҳамкорлигини кенгайтириш, чорвачилик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалигини қайта ишлаш, туризм ва соғлиқни сақлаш соҳаларида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Беларус томони молиялаштириш, имтиёзли кредит ва лизинг имкониятларини тақдим этди.
Шунингдек, наслли қорамолларни етказиб бериш, гўшт маҳсулотлари импорти, селекция-генетика соҳаларида ҳамкорлик, чорвачилик мажмуаларига инвестиция киритиш ҳам кўзда тутилмоқда. Сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш, болалар озиқ-овқатларини маҳаллийлаштириш, мевалар ва қайта ишланган маҳсулотларни экспорт қилиш, қишлоқ хўжалиги техникаси етказиб бериш бўйича ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Тўқимачилик соҳасида эса Беларус билан матолар ва ускуналарни етказиб беришдан тўлиқ ишлаб чиқариш кооперациясига қадар чуқур интеграция режалаштирилмоқда. Самарқандда 600 дан ортиқ корхона 16 минг мутахассис билан фаолият юритмоқда, ишлаб чиқариш ҳажми йиллик 5% ўсишни кўрсатмоқда. Энди асосий мақсад – мавжуд салоҳиятни қўшма маҳсулотларга айлантириш, Беларус брендлари остида ишлаб чиқариш, ускуналар ва рақамлаштириш технологияларини жорий этишдир.
Учрашувлар натижасида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга ва барча босқичларда тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини билдириб, қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришдилар.


