Ўзбекистон – Қирғизистон ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 11-йиғилиши
2024-05-03 14:50:00 / Мажлислар

Икки мамлакат Бош вазирлари бошчилигида ўтган йиғилишда сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик ришталарига асосланган кўп қиррали ҳамкорлик ҳамда кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида барча соҳаларда ижобий ўсиш кузатилмоқда. Иқтисодиётнинг турли соҳаларида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашётир. Минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик кенгаймоқда.
Йиғилишда Президентлар – Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров томонидан ҳукуматлар зиммасига кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилгани, бунинг учун барча келишувларни ўз вақтида ва сўзсиз амалга ошириш, иқтисодий шерикликни ривожлантириш бўйича янги таклифлар ишлаб чиқиш кераклиги алоҳида қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон-Қирғизистон шериклигининг асосий йўналиши ҳисобланади.
Шу маънода, икки Давлат Раҳбарлари томонидан ҳукуматлар олдига яқин йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича вазифа қўйилган.
Йиғилишда мазкур топшириқ ижросини бажариш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги, бунинг учун импорт ўрнини босувчи экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича яқиндан ҳамкорлик қилиш, биргаликда янги лойиҳалар ишлаб чиқишни давом эттириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш лозимлиги билдирилди.
Икки мамлакат ҳукуматлари делегацияларининг учрашувида саноат кооперациясини ривожлантириш, энергетика, қурилиш, транспорт-логистика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларида ҳали ишга солинмаган имкониятларни юзага чиқариш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Йиғилиш сўнггида, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон – Қирғизистон ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг ўн биринчи йиғилиши баёни имзоланди.


