Илмий-эксперт кенгаши навбатдаги лойиҳаларнинг якуний қарорларини эълон қилди
2025-06-24 09:10:00 / Янгиликлар

Аввал хабар берганимиздек, жорий йилнинг 3–5 июн кунлари Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг навбатдаги йиғилиши Шаҳрисабз шаҳрида бўлиб ўтган эди. Ушбу мажлисда Кенгаш аъзолари томонидан 39 та долзарб лойиҳа бўйича якуний хулоса берилди. Жумладан, Андижон, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳамда Қашқадарё вилоятларидан тақдим этилган баъзи лойиҳалар камчиликлари ва объектларнинг тарихий аҳамиятига таъсир кўрсатиши сабабли рад этилди. Шунингдек, 13 та лойиҳанинг муаллифларига қайта ишлаш ва Кенгаш аъзолари зиммасига жойига чиққан ҳолда қайта ўрганиб якуний хулосалар бериш тавсия этилди.
Ундан ташқари, Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида жойлашган “Ҳазрати Билол” масжиди архитектура ёдгорлигида мавжуд хонақоҳ қисмига зарар етказмаган ҳолда мавжуд айвон қисмини реконструкция қилиш лойиҳаси маданий мерос объектини асрашга таллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этилди. Кенгаш Навоий шаҳрида жойлашган “Кўза кўтарган уч аёл” монументал санъат ёдгорлиги ҳудудидаги 4,000 кв.м. майдонда савдо ва кўнгилочар марказ ҳамда умумий овқатланиш шохобчасини ташкил этиш бўйича лойиҳа ёдгорликнинг умумбашарий кўринишига салбий таъсир этмаслигини инобатга олган ҳолда лойиҳа маъқулланди.
Шунингдек, пойтахтнинг Олмазор туманида жойлашган “Ҳазрати Имом” (Ҳастимом) мажмуаси таркибидаги “Абу Бакр Қаффол Шоший”, “Бароқхон”, “Мўйи Муборак” мадрасаси ва “Намозгоҳ” масжиди ҳудудида ташқи ёритиш мосламаларини ўрнатиб тизимга улаш, “Ҳазрати Имом”, “Тиллашайх” масжидлари ҳамда “Мўйи Муборак” мадрасаларини иссиқлик таъминоти билан таъминлашда маданий мерос объектларига зиён етказмаслик шарти билан лойиҳа маъқулланди.
Юқоридаги лойиҳалар тавфсилотлари билан Агентликнинг расмий веб-сайтида танишишингиз мумкин.
