#расмий_муносабат
2026-03-25 16:30:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида жойлашган “Чилонзор оқтепаси” археология ёдгорлиги ҳудуди ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Мазкур ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси мутахассислари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Натижада ёдгорлик ҳудудининг айрим қисмларида маиший чиқиндилар тўпланиб қолгани аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда ҳудуд тозаланиб, чиқиндиларга барҳам берилди ҳамда зарур ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Айни пайтда ёдгорлик ҳудудини доимий назорат қилиш ва ободонлаштириш ишларини тизимли ташкил этиш юзасидан тегишли чоралар кўрилмоқда.
Археология ёдгорлиги ҳудудини ободонлаштириш ҳамда уни девор билан ўраш ишлари Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашининг 2025 йил 7 февралдаги 2-сонли баённомасининг 1-бандига мувофиқ, Шайхонтоҳур туман ҳокимлиги томонидан амалга оширилганини маълум қиламиз. Шунингдек, мазкур археология объектида юзага келган ҳолат юзасидан Маданий мерос агентлиги 2025 йил 14 декабрь куни батафсил маълумотларни тақдим этган.
Маълумот учун, “Чилонзор оқтепаси” археология ёдгорлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4-октабрдаги 846-сон қарорига мувофиқ, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган бўлиб, давлат муҳофазасига олинган.

