Маданий меросни сақлаш мавзусидаги республика танлови ғолиблари тақдирланди
2026-02-13 18:00:00 / Янгиликлар

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ташаббуси билан Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан республика миқёсида “Маданий меросни сақлаш” мавзусидаги энг яхши эссе ҳамда “Маданий меросни сақлаш: ҳуқуқий ва иқтисодий ёндашувлар” мавзусидаги энг яхши илмий мақолалар танлови эълон қилинган эди. Танлов 2025 йил 15 ноябрдан 10 декабрга қадар давом этиб, унга 300 дан ортиқ ижодий ишлар келиб тушди.
Танлов жараёни икки босқичли саралашдан иборат бўлди:
- дастлабки босқичда 51 та илмий мақола (мутахассислар) ва 62 та эссе (бакалавриат талабалари) танлов мезонларига мос деб топилди.
- шаффофликни таъминлаш мақсадида барча ишлар аксилплагиат текширувидан ўтказилиб, 2026 йилнинг 7 январида Миллий комиссияга тақдим этилди.
Якуний баҳолашда 2 та энг яхши эссе ва 2 та энг яхши илмий мақола тақдирлашга лойиқ деб топилди.
2026 йил 13 февраль куни Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида тантанали тақдирлаш маросим бўлиб ўтди. Тадбирда танлов иштирокчилари, Маданий мерос агентлиги ходимлари, музей мутахассислари ва ОАВ вакиллари қатнашдилар. Сўзга чиққанлар ёш ижодкорларнинг маданий меросни ўрганиш ва тарғиб этишдаги фаоллигини юқори баҳоладилар.
Ғолибларга қуйидаги мукофотлар топширилди:
Илмий мақолалар (1000 АҚШ долларидан ҳар бири):
- Тошкент давлат юридик университети “Давлат бошқаруви” кафедраси катта ўқитувчиси Нурилло Тухтасинов.
- Ўзбекистон тарихи давлат музейи илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (ПҳД) Алия Бекенова.
Эсселар (500 АҚШ долларидан ҳар бири):
- Самарқанд давлат архитектура-қурилиш университетининг музейшунослик йўналиши магистранти Дилноза Абдусаидова.
- Наманган давлат университети талабаси Озодахон Иномова.
Мазкур танлов маданий меросни сақлаш соҳасида илмий-ижодий салоҳиятни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва мутахассислар орасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ва маданий меросни жозибадор соҳага айлантиришга хизмат қилади.
