#РАСМИЙ_МУНОСАБАТ
2025-11-07 17:50:00 / Янгиликлар

“Чархиндаги топилма тақдири нима бўлади?” сарлавҳали мақолага муносабат
“Zarnews.uz” сайтида “Чархиндаги топилма тақдири нима бўлади?” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақолада Самарқанд вилоятининг Пастдарғом туманига қарашли “Кўктош” қабристони ҳудудида аниқланган археологик объект — эски даҳма ҳақида танқидий мулоҳазалар баён этилган. Мазкур мақолада билдирилган фикр-мулоҳазаларга аниқлик киритиш ҳамда ҳолатга ҳуқуқий ва илмий асосда ёндашган ҳолда қуйидагиларни маълум қиламиз.
Топилма қай тартибда ўрганилди?
2024-йил август ойида фуқаролар томонидан мазкур ҳудудда даҳма қолдиқлари топилгани тўғрисида Маданий мерос агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармасига хабар берилган. Шундан сўнг ҳолат бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди:
• Самарқанд археология институтининг мутахассислари жойига чиқиб, археологик топилмани илмий нуқтаи назардан ўрганиш ишларини олиб борди;
• Ўрганиш натижалари асосида ҳуқуқий ва илмий ҳужжатлар расмийлаштирилди;
• Мазкур ҳужжатлар белгиланган тартибда Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашига тақдим этилди.
Илмий-эксперт кенгаши қарори
2025-йил 15–18-апрель кунлари бўлиб ўтган Илмий-эксперт кенгашининг 7-сон йиғилиш баёнининг 11-бандида қуйидаги қарор қабул қилинган:
Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани Қайрағоч қишлоғида жойлашган қадимий қабристон ҳудуди ва қабр тошини диққатга сазовор жой сифатида маданий мерос объектлари миллий рўйхатига киритиш учун етарли асос мавжуд эмас — деган асос билан бу объектни расмий рўйхатга олиш рад этилган.
Бу қарор археологик объектнинг маданий мерос объектига айлантирилиши учун зарур бўлган илмий, тарихий ва ҳуқуқий асослар етарли эмаслигига таянган.
Шу билан бирга, Маданий мерос агентлиги ушбу топилма юзасидан барча жараёнлар амалдаги қонунчилик талаблари ва илмий асослар доирасида олиб борилганини маълум қилади.
Эслатиб ўтамиз, 2024-йил 19-август куни Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида яшовчи фуқароларнинг мурожаати асосида топилманинг тарихий аҳамиятини аниқлаш мақсадида Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан илмий-тадқиқот ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берган эдик.
