Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг мурожаатлар платформаси орқали фуқаролардан энг кўп берилаётган саволларга жавоблар "академик таътил олиш" тартиби бўйича фуқаролардан энг кўп берилаётган саволларга жавобларни эълон қиламиз
2024-04-17 11:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг мурожаатлар платформаси орқали фуқаролардан энг кўп берилаётган саволларга жавобларни эълон қилишни давом эттирамиз. Ўтган сафар ўқишни кўчириш борасидаги саволларга жавоб берган бўлсак, бу галги мавзумиз – академик таътил олиш тартиби.
1.Талабаман. Қандай ҳолатларда академик таътил олсам бўлади?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 344-сон қарорига мувофиқ, 5 та ҳолатда талаба академик таътил олиши мумкин. Булар:
ҳарбий хизматни ўташ учун;
саломатлигини тиклаш учун;
ҳомиладорлик ва туғиш учун;
болаларни парвариш қилиш учун;
оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.
2. Грантда ўқийман. Академик таътил даврида ҳам менга стипендия бериладими?
Йўқ, ололмайсиз, чунки Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисидаги низомга биноан, талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.
3.Академик таътил олиш учун университетга қандай ҳужжатлар тақдим қилиш керак бўлади?
Низомга мувофиқ, аввало олий таълим муассасаси раҳбари номига муддатларни кўрсатган ҳолда академик таътил олишни сўраб ариза ёзишингиз керак бўлади. Мурожаат қилган талабанинг таътил олиш сабабларига қараб, аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:
ҳарбий хизматни ўташ учун — тегишли туман (шаҳар) мудофаа ишлари органларининг талабани ҳарбий хизматга чақириш ҳақидаги чақирув қоғози;
саломатлигини тиклаш, ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун — талаба доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси;
оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун — оиласининг бетоб аъзоси доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси.
4. Қизим сурункали касаллиги сабабли дарсларга 3 ҳафтадан бери қатнаша олмаяпти, шу сабабли мен қизимнинг ўрнига академик таътил олиш учун ариза ёзсам бўладими?
Ҳа, албатта. Талаба сурункали касаллиги сабабли бир ойдан ортиқ вақт давомида дарсларда қатнаша олмаса, талаба ёки унинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ёки турмуш ўртоғининг аризасига асосан талабага академик таътил берилиши мумкин. Бунда, академик таътил муддати ўташининг бошланиши талаба дарсларда қатнаша олмаётган кундан бошлаб ҳисобланади.
5.Академик таътил олиш ҳақидаги мурожаат қанча вақтда кўриб чиқилади?
Низомга кўра, италабанинг академик таътил олиш ҳақидаги мурожаати бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилади. Талабага академик таътил бериш олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Ушбу буйруқда академик таътилнинг бошланиш ва тугаш санаси кўрсатилиши шарт.
6.Мен 3-курслигимда соғлигимдаги муаммолар сабабли 1 йилга академик таътил олгандим. Ҳозирда менинг йўналишим тугатилган экан, мен ўқишимни яна шу йўналишда давом эттира оламанми ?
Низомга кўра, агар академик таътил даврида талаба таҳсил олган бакалавриат таълим йўналиши тугатилган бўлса, талаба ўқишини мазкур олий таълим муассасасининг турдош бакалавриат таълим йўналиши бўйича ўқишини давм эттирса бўлади. , агар бундай бакалавриат таълим йўналиши мавжуд бўлмаса, турдош бўлмаган бакалавриат таълим йўналишига кўчириб тиклаш масаласи ариза билан бирга кўриб чиқилади.
7.Академик таътилдан қайтганимдан кейин университетга қандай ҳужжатлар тақдим қилишим керак?
Талаба академик таътилнинг муддати тамом бўлгандан сўнг ўқишга қайтиш бўйича олий таълим муассасасининг ректори номига ариза билан мурожаат қилиши шарт.
8.Академик таътил олсам, бир йилим “куяди”ми?
Низомга мувофиқ, талабага академик таътил берилиши уни олий таълим муассасасидан четлаштириш деб ҳисобланмайди. Академик таътил олишни истаган талабалар ўз ихтиёрига кўра, академик таътил муддатига таълимнинг сиртқи, масофавий ёки экстернат шаклига ўтказилиб, уларга узлуксиз мустақил таълим олиш имконияти яратилади.
