"ТехVЕТ" лойиҳасининг профессионал стандартлар ишлаб чиқиш бўйича мутахассислари Германияда!
2024-04-16 17:15:00 / Эълонлар

Сафарда лойиҳа доирасида фаолият олиб бораётган мутахассислар, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, "Ўзтўқимачиликсаноат" уюшмаси вакиллари, Тошкент ва Наманган тўқимачилик ва енгил саноат институтлари ўқитувчилари ҳамда экспертлари иштирок этмоқда.
Ушбу ўқув-амалий тренингини амалга оширишдан асосий мақсад Ўзбекистонда дуал олий таълимни жорий этишда Германиянинг илғор тажрибасини янада яқиндан ўрганиш, мамлакатдаги дуал таълим тизими билан танишиш ҳамда соҳадаги мутахассислар билан тажриба алмашиш ва лойиҳа бўйича иштирокчилар кўникмаларни оширишдан иборатдир. Иштирокчилар сафар чоғида Германиянинг Кёлн, Мюнхенгладбах, Дюсселдорф ва Берлин шаҳарларида бўлишади.
Дастлаб икки кун давомида ўзбекистонлик вакиллар Қуйи Рейн амалий фанлар университети, Дюсселдорфдаги Савдо-саноат палатаси, Мода ва дизайн академияси, HTW 9 Муҳандислик ва иқтисодиёт олий мактабига ташриф буюриб, ҳудуддаги ип йигирув устахоналари ва тўқимачилик фабриклари фаолиятини ўрганишди.
Шунингдек, дастурга мувофиқ лойиҳа иштирокчилари германиялик экспертлар ва тўқимачилик соҳасининг мутахассислари билан учрашиб, дуал касбий таълим ва анъанавий таълим ўртасидаги фарқ, халқаро бозордаги тенденциялар ва замонавий ечимлар борасида ҳам ўзаро музокаралар ташкил этилиши режалаштирилган.
Дастур якунида, иштирокчилар томонидан Германияда олинган тажриба асосида Ўзбекистон шароитида дуал таълимни ташкил этиш бўйича фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлардан иборат якуний ҳужжат ишлаб чиқилиб, ҳамкор ташкилотларга тақдим этилади.




