«Олима аёллар» илмий лойиҳалар танлови натижалари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди
2024-04-04 15:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов кириш сўзи билан очди.
– Бугун аёлларнинг илм-фандаги роли, уларга яратилган имкониятлар, улардан кутилаётган натижалар жуда катта. Умид қиламизки, бугун тақдирланадиган лойиҳаларимиз натижасида ҳам катта ютуқларга эришамиз. Бу каби тадбирлар олима аёлларимизнинг жамиятдаги мавқеини янада кўтариш, уларнинг барча соҳадаги фаоллигини оширишга хизмат қилишига ишончим комил.
Мазкур танлов Президентнинг «Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2022 йил 7 мартдаги ПФ-87-сон фармонига мувофиқ илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида 2021 йилдан бери мунтазам ўтказиб келинмоқда. Танловлар натижасида ўтган йиллар мобайнида умумий қиймати 120,0 млрд сўм миқдоридаги 92 та лойиҳа молиялаштирилган бўлиб, лойиҳалар доирасида 500 дан ортиқ олималаримиз илмий изланишлар олиб борган. Мазкор лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида кимё, физика-математика, механика, биология, қишлоқ хўжалиги йўналишларида бир қатор илмий янгиликлар яратилган.
Тадбир доирасида “Олима аёл – келажак муҳандиси” мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Адриан Шарлотта, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг аҳоли фонди (UNFPA) доимий вакили Нигина Аббасзаде, биология фанлари доктори, профессор Шаҳло Турдикулова, Эрасмус + Миллий Офиси координатори Азиза Абдураҳмонова, Тошкент давлат иқтисодиёт университети проректори Гулнора Абдураҳмонова иштирок этди. Панель муҳокамада Марказий Осиёдаги хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, бу борадаги ўзгаришлар, аёл-қизларнинг таълим олиши учун яратилган имкониятлар каби масалаларга тўхталиб ўтилди.
– Илм-фан соҳасида гендер тенглигига эришиш нафақат ижтимоий адолат масаласи, балки илмий мукаммаллик, инновация ва барқарор ривожланишнинг стратегик талабидир. Аёлларнинг илм-фан соҳасида иштироки ва ривожланиши учун тизимли тўсиқларни бартараф этиш орқали биз ҳамма учун ёрқин келажакни яратамиз, – деди Адриан Шарлотта.
Тадбир сўнгида илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида амалий лойиҳалар танлови натижаларига кўра молиялаштирилган Шаҳзода Худойназарованинг “Хореография санъати орқали имконияти чекланган болаларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган мультимедиа маҳсулотини яратиш” лойиҳаси доирасида болажонларнинг мусиқий чиқишлари ташкил этилди.








