“Ўзбекистонда биотиббиёт ва инновацион тадқиқотларни ривожлантириш” симпозиуми бўлиб ўтди.
2024-04-03 14:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбир Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Халқаро илмий ташкилотлар алянси (АНСО), Хитой касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Ушбу симпозиум Ўзбекистон ва Хитой давлатларининг энг муҳим илмий йўналишлар бўйича ривожланишига ҳисса қўшиб, билим ва тажриба алмашиш учун янги имкониятларни очиш имконини беради.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Хитой олимлари биотиббиёт соҳасидаги илм-фан ва технологиянинг келажаги ҳақидаги билимлари, тажрибаси ва қарашлари билан ўртоқлашиб, илмий тадқиқотларни илгари суриш ва замонавий дунё муаммоларини енгиш учун инновацион ечимларни ишлаб чиқишдек умумий мақсадимизга хизмат қилади.
Симпозиумда илм-фан ва таълим ривожига қўшган улкан ҳиссалари учун Хитой Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази раҳбари, профессор Жорж Гао Ўзбекистон миллий университети фахрий докторлик унвони ва Халқаро илмий ташкилотлар алянси (АНСО) вакили Жингхуа Као Илғор технологиялар марказининг фахрий профессори унвони берилди. Бу унвонлар Ўзбекистон илмий жамоатчилигининг мазкур илм намояндаларига чуқур ҳурмат ва уларнинг соҳа ривожи учун хизматларининг эътирофи рамзидир. Мазкур олимларнинг Ўзбекистон академик жамоасининг бир қисмига айланиши уларнинг тажрибаси ва билимлари билан Ўзбекистон тадқиқот ва таълим дастурларини янада ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Мазкур симпозиум мавзуси – “Инновацион тадқиқотлар ва биотиббиётни ривожлантириш” ниҳоятда долзарб бўлиб, давлатимиз бу борадаги илмий изланишларни фаол қўллаб-қувватлаб, касалликларга ташхис қўйиш, даволаш ва олдини олишнинг янги технология ва усулларини яратишга интилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда Ўзбекистонда биотиббиёт тадқиқотлари соҳасида молиялаштириш сезиларли даражада ошди, бу эса илмий нашрлар кўпайишига, биотехнология ва тиббиёт соҳасидаги патентлар сонининг кўпайишига олиб келди. Бу мамлакатимиз илм-фанини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг фақат бир қисмидир. Ҳозирда дунё илмий ҳамжамияти касалликларни даволаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва унинг давомийлигини узайтириш бўйича ёндашувларни тубдан ўзгартириши мумкин бўлган янги кашфиётлар арафасида турибди. Турли давлат олимларнинг бу йўналишдаги бирлашуви инсоният цивилизацияси ривожига салмоқли ҳисса қўшади.






