Асосий мақсадимиз, ёшларимизни касб-ҳунарли қилиш ва таълим сифатини янги босқичга кўтариш – вазир
2024-04-01 22:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Унда вазирлик марказий аппарати масъуллари, тизим ташкилотлари ҳамда профессионал таълим муассасалари раҳбарлари қатнашди.
Йиғилишда профессионал таълим соҳасини ривожлантиришга берилаётган алоҳида эътиборга қарамай, кўпчилик таълим муассасалари директорлари ва ҳудудий бошқармалар ходимлари ўз лавозим вазифаларига сусткашлик билан ёндашаётгани қайд этилди. Айрим директорлар ва директор ўринбосарлари кўп йиллар давомида раҳбар лавозимда фаолият юритаётганига қарамай ўз устида ишламай қўйгани, тизимни ривожлантириш, янги ғоялар олиб кириш, таълим сифатини таъминлаш борасида жонбозлик ва ташаббус кўрсатмаётгани танқид қилинди.
Йиғилишда қайд этилганидек, жорий йил январ феврал ойларида вазирлик ишчи гуруҳи томонидан ҳудудлардаги 179 та профессионал таълим муассасасидаги ҳолат жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ўрганиш ўтказилган профессионал таълим муассасалари раҳбарлари ишни тўғри ташкил қилмаганлиги сабабли таълим муассасаларининг мавжуд қувватларидан самарали фойдаланиш ҳолати талаб даражасида эмасли таъкидланди.
25 та таълим муассасаси 2023/2024 ўқув йили учун ўқувчиларни қабул қилиш режаларини бажариш кўрсаткичи 70 фоизга ҳам етмаган. Ўрганилган таълим муассасалари директорлари томонидан 163 нафар номутахассис ўқитувчиларга дарс соатлари тақсимлаб берилган.
– Номутахассис бўлган педагог дарс ўтаётган фани бўйича етарли билим ва малакага эга бўлмасдан туриб, қандай қилиб ўқувчиларга ушбу фанни ўргатиши, таълим сифатини ошириши мумкин? – деди Қ.Шарипов.
Юқоридаги каби хато ва камчиликларга йўл қўйган, мавжуд камчиликларни била туриб, уларни бартараф қилиш ўрнига кўз юмаётган бир қанча раҳбарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилди. Жумладан, 5 нафар директор ва 48 нафар директор ўринбосари лавозимидан озод этилди, 265 нафар директор ва директор ўринбосарига нисбатан “ҳайфсан” интизомий чораси қўлланди.
Шунингдек, йиғилишда битирувчилар бандлигини таъминлаш, профессионал таълим ва иш берувчилар ҳамкорлигини йўлга қўйиш, таълим сифатини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
“Иш берувчи корхоналарни кўпроқ жалб қилган ҳолда интеграцияни таъминлаш, дуал таълимнинг иш берувчи ва корхоналар учун манфаатли жиҳатлари ҳамда хорижий тажрибаларни тизимга жорий қилиш орқали ёшларимизни замонавий касбларга ўргатиш ва таълим сифатини янги босқичга кўтаришга эришишимиз мумкин”, – деди вазир.
Йиғилиш якунида ўрганишда қамраб олинмаган таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни жойида бартараф қилиш, уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида қолган таълим муассасаларини ҳам жойига чиққан ҳолда комплекс ўрганиш юзасидан масъулларга топшириқ берилди.





