Бугун Шавкат Мирзиёев раислигида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида баҳорги экиш мавсумини ташкил қилиш ва чиқиндиларни бошқаришни такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
2024-04-01 16:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Баҳор мавсумида маҳаллаларда ва кўп қаватли уйлар атрофида, йўллар ва каналлар бўйидаги ерларга дарахт экиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Пойтахтда амал қилаётган йирик қурилиш лойиҳаларида майдоннинг камида 30 фоизига дарахт экиш мажбурияти барча вилоятларда жорий қилиниши белгиланди.
Йирик саноат корхоналарида, барча саноат зоналари атрофида яшил ҳудудлар ташкил қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ижтимоий объектларга кўчатларни бепул етказиб бериш бўйича ўтган йили бошланган амалиёт бу йил ҳам давом эттирилади. Уларга 4 миллиондан зиёд кўчат бепул тарқатилиши белгиланди.
Йиғилишда вазирлар ва ҳокимлар тизим ташкилотлари томонидан экилган кўчатларнинг униб-ўсиши ва тўғри парвариш қилинишига алоҳида эътибор бериши лозимлиги таъкидланди.
Кўп қаватли хонадонларда аҳолини чиқиндини саралаган ҳолда шохобчага олиб боришга рағбатлантирадиган тизим жорий этилади.
