Олий ва профессионал таълим тизимида инклюзив таълимнинг миллий платформаси жорий этилади
2024-03-14 20:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда ногиронлиги бор шахсларнинг жамиятга интеграциялашувини ўрганаётган тадқиқотчилар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича режалаштирилган ишларни амалга ошириш механизмлари муҳокама қилинди. Шунингдек, турли фан йўналишлари бўйича инклюзив таълим учун субтитрли ҳамда сурдотаржима қилинган махсус миллий видео, аудио контентлар яратиш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шунингдек, инклюзив таълим соҳасида фаолият юритаётган педагогларни хорижнинг нуфузли олий таълим муассасаларида қисқа муддатли малакасини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш лозимлиги қайд этилди. Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги томонидан Сиракуз университетига стажировкага жўнатилаётган 3 нафар тадқиқотчиларга университетнинг инклюзив таълим борасидаги тажрибасини ўргатишга келишилди.
Муҳокамалардан сўнг вазир Тошкент давлат иқтисодиёт университетида инклюзияни қўллашнинг илғор миллий дастури бўлиши кутилаётган – “Уйғун таълим” ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасининг пилот лойиҳасини жорий этиш бўйича кўрсатма берди. Мазкур платформада мактабгача, мактаб ва олий таълим ташкилотлари фаолиятининг касб ва ижтимоий ҳаётга тайёрлаш йўналишларини босқичма-босқич уйғунлаштириш масаласига батафсил эътибор берилган бўлиб, алоҳида эътиборга муҳтож инсонлар ва жамият ўртасидаги соғлом корпоратив муҳит ва таълимдаги тенгликни таъминлаш ғояси илгари сурилган. Пилот лойиҳа муваффақиятли синовдан ўтганидан сўнг бошқа олий ва профессионал таълим муассасаларига ҳам мазкур инфратузилма татбиқ этилади.
