“АЛИШЕР НАВОИЙ ВА XXI АСР” УЛУСЛАРАРО КОНФЕРАНСИ БЎЛИБ ЎТДИ
2024-02-10 11:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Дастлабки етти конферанс Тошкентда, Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУда ўтказилди. Шу давр мобайнида Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида юзлаб тадқиқотлар эълон қилинди, дунёнинг турли давлатларидан кўплаб олимлар Навоий юртида жам бўлдилар.
2023 йилдан эътиборан мазкур конферанс Ўзбекистондан ташқарида ўтказила бошланди. Чунки турли давлатларда ўзбек адабиёти, хусусан, Навоий ижоди билан боғлиқ тадқиқотлар олиб бораётган олимларнинг сони жуда кўп. Тошкентдаги конферансга келиш истагида бўлган, аммо маълум сабаблар билан қатнаша олмаганлар ҳам анча. Шу боис 2023 йил “Алишер Навоий ва XXI аср” 8-улуслараро конферансига Озарбойжон мезбонлик қилди. Унда кўплаб маҳаллий туркологлар қатнашди, янги номлар кашф этилди, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ёш олимлари ўзари танишди ҳамда уларнинг халқаро миқёсда ҳамкорлик ишларига бу конферанс туртки берди. Илк тажриба ижобий самара бергач, 2024 йилда ушбу нуфузли анжуман Туркиянинг қадимий Бурса шаҳридаги Улудағ университетида ўтказилиши белгиланди.
2024 йилнинг 8 февраль куни Бурса Улудағ университетида “Алишер Навоий ва XXI аср” 9-улуслараро конферанси бўлиб ўтди. Конферанс аввалида Туркиянинг Бурса Улудағ университетида Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва маданияти марказининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Конферансда ТУРКСОЙ вакиллари, Алишер Навоий номидаги ТошДЎТАУ ректори, академик Ш.Сирожиддинов, Бурса Улудағ университети ректори Ф.Йилмаз, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Туркия ҳукумати вакиллари, Б.Пери (Венгрия), Ф.Раҳими (Эрон), Б.Байрам (Қозоғистон), В. Турк (Туркия), Н. Шодмонов (Ўзбекистон) сингари атоқли олимлар иштирок этишди.
Конферанс ялпи мажлиси мобайнида Ўзбекистон ва Туркия давлатлари ўртасидаги дўстона муносабатларнинг ривожига қўшган ҳиссаси, ўзбек ва турк халқлари маданиятларини яқинлаштиришдаги ибратли хизматларини эътироф этиб Гунай Қут, Сема Барутжу Ўзондер, Ҳадича Торен, Айшеҳан Дениз, Зуҳал Ўлмез, Фонда Тупрак, Танжу Сейҳан, Ўнал Кая, Ўсман Мастен, Бенедик Пери, Булент Байрам, Фатма Ачик сингари бир гуруҳ хорижлик олимларга ТошДЎТАУнинг “Алишер Навоий” медали топширилди. Аҳмет Акалин, Желиле Эрен Ўктен, Жем Куршад Ҳасаноғлу, Феридун Йилмаз сингари олимларга эса Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг “фахрий дўсти” дипломлари берилди.
Анжуманда Алишер Навоий адабий меросининг жаҳон тамаддунида тутган ўрни, шоир асарларининг хорижий тилларга таржима қилиниши, Алишер Навоий адабий мероси ва матншунослик масалалари, таълим тизимида Навоий асарларини ўқитиш муаммолари каби қатор йўналишларда маърузалар тингланди.
Анжуман иштирокчилари ўзбек-турк навоийшуносларининг ҳамкорлиги янада мустаҳкам бўлиши ва Навоий ижоди тарғиботи бўйича биргаликда хизмат қилишга келишиб олдилар.






