ЭНДИЛИКДА КОЛЛEЖ ВА ТEХНИКУМЛАРНИНГ ДУАЛ ТАЪЛИМ ШАКЛИГА ҚАБУЛ ЙИЛ ДАВОМИДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ
2023-12-11 13:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Унга кўра:
- профессионал таълим муассасаларида ўқувчилар йил давомида ташкилотларнинг буюртмалари асосида дуал таълим шаклида ўқитилади;
- иш берувчиларнинг ўрта бўғин кадрларига бўлган мавжуд эҳтиёжи асосида дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш соддалаштирилади;
- ўқувчиларни дуал таълим шакли бўйича ўқишга қабул қилиш тизими рақамлаштирилади.
Шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан:
- 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектларидаги мавжуд иш ўринлари ҳамда уларда яратилган шарт-шароитлар бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади;
- ҳар йили 1 августга қадар профессионал таълим муассасаларида ўқувчиларни дуал таълим шаклида ўқитишни ташкил этиш бўйича Ягона миллий меҳнат тизимидан рўйхатдан ўтган ташкилотлар ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан:
- ташкилотлардан бириктирилган устозларнинг педагогик маҳоратини ихтиёрий равишда ошириш учун ҳар йили дуал таълим шакли бўйича бепул қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилади;
- дуал таълим шакли жорий этилган касб ва мутахассисликлар бўйича тегишли таълим дастурлари такомиллаштирилиб, Германия тажрибаси асосида методик материаллар ишлаб чиқилади;
- 2024/2025-ўқув йилига қадар тегишли вазирликлар билан биргаликда меҳнат бозорининг ўрта бўғин кадрларига бўлган жорий ва истиқболли эҳтиёжини аниқлашга мўлжалланган электрон платформа ишга туширилади ҳамда ўрта бўғин кадрларини тайёрлаш истагида бўлган ташкилотлар ва профессионал таълим муассасалари билан тузиладиган шартномаларни электрон шаклда имзолаш тизими жорий этилади.
