ОЛИЙ ТАЪЛИМ, ФАН ВА ИННОВАЦИЯЛАР ВАЗИРЛИГИДА «ОЧИҚ ЭШИКЛАР КУНИ»
2023-12-07 13:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Унда вазирлик масъуллари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари, Тошкентдаги олий таълим муассасалари Коррупцияга қарши курашиш бўлимлари масъул ходимлари, талаба-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Тадбирни вазирнинг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов очиб, тизимда коррупциявий хавфларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этиш борасида 2023 йилда олиб борилган ишлар ҳақида тўхталди.
Олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида олиб борилаётган ишлардан жамоа қониқмаётганлиги, ишларнинг самарадорлик даражаси пастлигини эътиборга олиб, мувофиқ 3 та олий таълим муассасасининг коррупцияга қарши курашиш бўлим бошлиқлари билан меҳнат шартномалари бекор қилингани айтилди.
Қайд қилинганидек, жорий йилда талаба-ёшлар ва фуқаролардан вазирликка йўлланган турли мазмундаги 56 та мурожаатнинг 22 таси вазирлик томонидан ташкил қилинган алоқа каналлари (телеграм канали, бот ва ишонч телефонлари) орқали келиб тушган.
Маълумот ўрнида, тизимда коррупцияга қарши курашиш маданиятини ошириш ҳамда коррупциявий ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида фуқаролар билан масофавий мулоқот йўлга қўйилган бўлиб, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги мурожаатлар 55-520-08-08 (179) телефон рақами, антиcор@yedu.uz электрон почта манзили, @YeduuzuniversalBot ва @EduAntiCorruptionBot расмий телеграм ботлари орқали ҳам қабул қилинмоқда.
Таълим тизимида коррупциявий хавфларнинг мавжудлиги ҳақида қўшимча маълумотлар олиш, коррупцион ҳуқуқбузарликларни содир этишга мойиллиги бўлган педагог ходимларни аниқлаш мақсадида 3000 нафардан ортиқ талаба орасида аноним сўров тадбирлари ўтказилди. Аноним сўровлар давомида олинган маълумотлар ОТМ коррупцияга қарши курашиш бўлимлари томонидан таҳлил қилиниб, олдини олиш мақсадида муассасалар раҳбариятига тегишли мазмундаги таклифлар киритилган ва ижрога қаратилган.
Тадбир якунида иштирокчилар ўзлари қизиқтирган саволлари билан мутахассисларга юзланиб, керакли жавобларни олишди.
Сўнг қатнашчилар вазирлик фаолияти билан яқиндан таништирилиб, ҳар бир департамент, бошқарма ва бўлимларнинг вазифалари, сўнги йилларда улар томонидан амалга оширлаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.









