Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳоким ўринбосари обуна режасини бажармаган коллеж директорини калтаклаган ҳолат ва мажурий обунани кескин қоралайди
2023-11-21 11:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги профессионал таълим тизимига масъул сифатида ҳолатни ташвишли деб баҳолайди ва кескин қоралайди. Вазирлик ҳоким ўринбосарининг хатти-ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилиши ва бу каби ҳолатлар қайта такрорланмаслиги учун зарур чоралар кўрилиши керак деб ҳисоблайди.
Шунингдек, вазирлик газета ва журналларга мажбурий обуна ташкил этилишига мутлақо қарши бўлиб, бундай ҳолатларга қарши кураш, олдини олиш мақсадида олий, ўрта ва профессионал таълим муассасалари, профессор-ўқитувчилар, ўқувчи-талабалар ҳамда бошқа ходимлар ўртасида доимий тушунтириш ишлари олиб борилишини маълум қилади.
Агар таълим муассасаларида газета-журналларга мажбурий обуна ҳолатлари аниқланса, қонун доирасида зарур чоралар кўрилиши ҳақида ҳам огоҳлантирилган.
Таълим муассасалари ўз имкониятларидан келиб чиқиб, муассасага мазкур мақсадлар учун ажратилган маблағлар доирасида истаган ва зарур деб ҳисоблаган босма нашларга ихтиёрий равишда обуна бўлишлари мумкин. Бунда профессор-ўқитувчилар, ходимлар ва ўқувчи-талабаларни обунага мажбурлаш қатъий тақиқланади.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан туман прокуратураси терговга қадар суриштирув ишларини олиб бормоқда.
