Пойтахтимизнинг Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхоналарга пресс-тур ташкил этилди
2023-10-11 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Пресс-тур иштирокчиларига Тошкент давлат техника университетига қарашли фойдаланишга топширилаётган замонавий талабалар турар жойи намойиш этилди. Мазкур талабалар турар жойи Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари натижасида бўшаган маъмурий бинони қайта реконструкция қилиш орқали барпо этилди. Янги таъмирдан чиққан 800 ўринга мўлжалланган 75-сонли ётоқхонани фойдаланишга топшириш орқали 5202 нафар талаба турар жой билан таъминланади.
Мазкур талабалар турар жойида талабаларнинг овқатланишлари учун замонавий ошхона, дарсликлар, бадиий ва илмий, маърифий адабиётлар билан бойитилган маънавият хонаси, талабаларнинг ахборот коммуникация технологиялари бўйича билим ва малакаларини оширишлари учун энг замонавий турдаги компьютерлар билан жиҳозланган компьютер хонаси, кир ювиш ва ювиниш хоналари мавжуд.
Пресс-тур давомида, шунингдек, Турин политехника университети ва Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон Миллий университетининг ҳозирда талабалар фойдаланаётган ётоқхоналари, шунингдек, Тошкент давлат техника университети ва Тошкент Молия институтининг янги қурилаётган талабалар турар жойлари биноларининг қурилиш ишлари намойиш этилди.
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида Республикамиз узоқ ҳудудларидан ҳамда хорижий давлатлардан келиб таҳсил олаётган талаба-ёшлар 160 ўринга мўлжалланган ётоқхонада истиқомат қиладилар. Талабалар турар жойидаги хоналар барча керакли жиҳозлар: кир ювиш машиналари, таом тайёрлаш учун плита, микротўлқинли печь, овқатланиш хонаси билан таъминланган. Талабалар бўш вақтларини фойдали ўтказишлари учун ётоқхонада кутубхона, ҳамда Ви-Фи нуқталари ҳам мавжуд.
Талабалар шаҳарчасида истиқомат қиладиган ёшларнинг дарсдан сўнг бўш вақтларини самарали ўтказиш учун шахмат-шашка, кураш, футбол, волейбол, стол тенниси каби спорт тўгараклари мунтазам равишда ташкил этилган.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Республикамиздаги 115 та давлат олийгоҳларида жами 325 та талабалар турар жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 118 166 ўринни ташкил этади.
Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган дастур асосда янги ётоқхоналарни қуриш, реконструкция қилиш ишлари давом этмоқда.
Дастурга мувофиқ 2026 йилга қадар республика бўйича 100 минг ўринга эга талабалар турар жойини барпо этиш белгиланган.
Дастур қабул қилинганидан буён 26 987 ўринли 58 та ётоқхона қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Республика миқёсида 39 353 ўринли 86 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улардан 19 679 ўринли 44 таси давлат-хусусий шериклик асосида, 9 940 ўринли 20 таси олийгоҳ ва бюджет маблағлари, олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари ҳамда инвестиция дастури доирасида барпо этилади. Айни пайтда 25 169 ўринли 53 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Йил якунига қадар давлат дастурида белгиланган 18 минг ўринли талабалар турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилади.
Жорий йилнинг ўзида республика бўйича жами 9 734 ўринли 22 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди.









