Ўзбекистон вакиллари Италиянинг Турин политехника университетида ўтказилган семинарда иштирок этди
2023-09-22 21:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Европа Иттифоқининг Эрасмус+ СБҲE дастури доирасида амалга оширилаётган “ИНМАСОМ: Ўзбекистондаги телекоммуникациялар меҳнат бозори эҳтиёжларини қондириш учун фотоника ва оптик алоқалар бўйича инновацион магистрлик дастури” лойиҳаси ижрочиларининг навбатдаги учрашуви ва махсус тренинг жорий йилнинг 18-22 сентябрь кунлари Италиянинг Турин политехника университетида ўтказилди.
Тадбирнинг илк кунида лойиҳа фаолияти доирасида амалга оширилган ишлар ҳамда кейинг босқичларда режалаштирилган вазифалар муҳокама қилинди.
Дастурга мувофиқ, тадбирнинг иккинчи кунида эса, Турин политехника университети ўқув ишлари бўйича проректори Анита Тобассо томонидан Италия олий таълим тизими ҳамда университет фаолияти ҳақида тақдимот ўтказди.
Шунингдек, сафар давомида Турин политехника университети профессорлари томонидан соҳага оид маърузалар ҳамда ўқув лаборатория ишлари бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Мазкур учрашув ва семинарларда Олий таълим фан ва инновациялар вазирлиги масъуллари Улуғбек Ходиев ҳамда Алиддин Норқулов, шунингдек, Ўзбекистон миллий университети, Самарқанд давлат университети, Тошкент ахборот технологиялар университети, Тошкент ахборот технологиялар университети Урганч филиали, Мир Солар компанияси профессор-ўқитувчилари ва мутахассислари иштирок этди.
Лойиҳа тўғрисидаги батафсил маълумотлар билан қуйидаги веб-сайт орқали танишиш мумкин: inmacom.uz.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда телекоммуникациялар соҳасида меҳнат бозорини ривожлантириш учун университетлар ва ишлаб чиқариш ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, пойтахт ва республика ҳудудларида телекоммуникациялар ривожига ҳисса қўшиши мумкин бўлган фотоника ва оптик алоқага ихтисослашган янги авлод муҳандисларини тайёрлаш учун таълим базаси яратиш ушбу лойиҳанинг асосий мақсади ҳисобланади.
