Малайзия билан илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик янада кенгаяди
2023-09-13 20:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Мулоқот давомида департамент раҳбари Абдували Холиқов делегация аъзоларини республикада сўнгги йилларда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар билан қисқача таништирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз ҳақида сўз юритилиб, шу пайтгача у жуда муваффақиятли бўлиб келгани ва бундан кейин ҳам ушбу ҳамкорлик ҳар томонлама кенгайиб боришига ишонч билдирилди.
Малайзия глобал таълим хизматлари агентлиги бош ижрочи директори Нови Таджуддин икки давлат олий таълим муассасалари талабалари, профессор-ўқитувчилари алмашинувини, талабалар учун ёзги мактаблар ташкил этиш, талабалар амалиётини Малайзия олий таълим муассасаларида такшил этиш, қўшма таълим дастурларини жорий қилиш соҳалари ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўлиши мумкинлигини билдирди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг магистратура ва докторантура босқичи талабаларини ушбу давлатга таҳсил олиш учун юбориш, қўшма тадқиқотлар олиб бориш таклифлари ҳам билдирилди.
Чет эл фуқаролари учун Малайзияда янги йўлга қўйилган АПEЛ (Ассредитатион оф Приор Эхпериентиал Леарнинг) дастури доирасида таҳсил олш имконияти мавжуд эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилди.
Маълумот учун, АПEЛ - олдинги тажрибавий таълимни аккредитация қилишдир. Бу Малайзия Малака агентлиги томонидан ишлайдиган катта ёшлилар учун олий маълумотни тарғиб қилиш ва хаёт давомида таълимни рағбатлантириш орқали мамлакатнинг инсон капиталини ривожлантириш ташаббусидир.
Якунда мазкур учрашув келгусида мамлакатларимиз ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги алоқаларни мунтазам ривожланишида яна бир муҳим туртки бўлиб хизмат қилиши айтилди.


