Германия билан олий ва профессионал таълим ҳамда илм-фан соҳаларида ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда
2023-09-13 11:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва бошқа масъул ходимлардан иборат делегация аъзолари Германия Халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ)нинг “Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёнлари қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Германиядаги олий ва профессионал таълим муассасалари, иш берувчилар уюшмалари ва бошқа ташкилотлар фаолияти билан танишмоқдалар.
Дюселдорф шаҳридаги Германия халқаро ҳамкорлик жамияти Ғарбий офиси раҳбари Кортман Карин хоним билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва грант лойиҳасининг келгуси фазаларини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга Германияда ишлаш истагида бўлган ёшлар учун талаб этиладиган компетенциялар ва уларни шакллантиришда Кортман хоним Германия меҳнат вазирлиги орқали бевосита кўмак беришини таъкидлади.
Дюселдорф федерал меҳнат агентлиги, Дюселдероф саноат кўргазмаси, Дюселдероф савдо-саноат палатаси, Мёнхенгладбахдаги шаҳридаги енгил саноат технологиялари бўйича ускуналар ишлаб чиқишга ихтисослашган Тручилер груп компанияси фаолиятлари билан танишилди ва дуал таълим шаклини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олинди.
Дюселдероф саноат кўргазмаси вакиллари Тошкент шаҳрида 2023 йил 16-20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Инно Веэк ҳафталигига таклиф этилди.
Германия олий таълим муассасаларида жорий этилган дуал таълим шакли билан яқиндан танишиш учун Нидеррайн амалий фанлар университетига ташриф буюрилди. Мазкур университет профессори доктор Матиас Биир томонидан университет фаолияти бўйича тақдимот ўтказилди. Дуал таълим шакли бўйича кўп йиллик тажрибага эга бўлган ушбу олий таълим муассасаси билан Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ўртасида ҳамкорликни ўрнатишга ва биргаликда кадрлар тайёрлаш ва илмий ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилди.
Бундан ташқари хизмат сафари давомида Германия ҳунармандлар палатаси ва Германия савдо-саноат палатаси, Германия касаба уюшмалари конфедерацияси, Германия иш берувчилари уюшмаси вакиллари, Германия профессионал таълим бўйича Федерал институт директори доктор Кресс ҳамда ёшлар масалалари бўйича Берлин сенати сенатори Гюнтер хоним билан учрашувлар режалаштирилган. Шу билан бирга Германия КфВ банки билан янги лойиҳа бўйича тегишли ҳужжатларни имзолаш белгиланган.
Хизмат сафари 16 сентябрга қадар давом этади.


