Асосий контентга ўтиш

"Қизларжон" клуби республика форуми бўлиб ўтди

2024-10-11 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

10 октябр куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан "Сенинг ташаббусинг – сенинг келажагинг учун" шиори остида "Қизларжон" клуби Республика форуми ўтказилди. Тадбирда юртимиздаги барча олий таълим муассасаларининг "Қизларжон" клуби раислари ҳамда Хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раислари иштирок этди.

Форум иштирокчиларини Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов қутлаб, мамлакатимизда қизларга муносиб шарт шароитлар яратиб бериш борасида  кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади. 

– Айниқса, таълим соҳасида хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, - деди вазир. – Ҳозирда аёл-қизларнинг таълимдаги улуши ҳар қачонгидан юқори ва бу кўрсаткич йилдан-йилга ошиб бораётгани барчамизни қувонтиради. Қизларимизнинг таълим олишга, илмга ташналиги юртимиз келажаги пойдеворидир. Сизларнинг ҳар бирингиз илм-фан, санъат, маданият, иқтисодиёт  ва бошқа соҳаларга улкан ютуқларимиз нишонасидирсизлар.

2012-йилдан бери ҳар йилнинг 11-октябр куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан Халқаро қизлар куни этиб белгиланган. Бундан кўзланган мақсад қизларнинг таълим олиши, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқлардан, тиббий хизматдан фойдаланишига имкон бериш учун дунё аҳлининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришдир.
Бугунги кунда Республикамиздаги олий таълим муассасаларида жами талабалар сони 1 млн. 436 минг нафардан ошиб, шундан хотин-қизлар 747 мингни (52 фоизни) ташкил этади. Магистратура босқичида ўқишини давом эттираётган жами талабалар 36 минг 399 нафарни ташкил этиб, шундан талаба-қизлар сони 22 минг 822 нафар бўлиб, жами талабалар сонига нисбатан 62,70 фоизни ташкил этади.
Бу кўрсаткич магистратура босқичига ўқишга қабул қилинган талаба-қизларимизга контракт тўловларининг давлат томонидан тўлаб бериш амалиётининг йўлга қўйилиши сабабли йил сайин яхшиланиб бормоқда.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб, коллеж ва техникумларда қурилиш, транспорт, коммунал, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишлар бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган хотин-қизлар тўлиқ давлат гранти асосида ўқишни бошлади.
Коллеж ва техникумларга ўқишга қабул қилинган хотин-қизлар учун талаб этиладиган давлат гранти маблағлари республика бюджетидан ажратилади.  Хотин-қизлар учун яратилган ушбу имконият аёллар кам фаолият юритаётган соҳаларда уларнинг улушини ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 
Ҳар йили эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган 2 минг нафар хотин-қизларимиз давлат гранти асосида олий таълим муассасаларга ўқишга қабул қилиниб келинмоқда. 
Шу тариқа бугунга қадар қарийб 7 мингга яқин хотин-қизлар давлат гранти асосида олий таълим ўқишга қабул қилинди.
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизларимиз ҳар йили Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси тавсияномаларига асосан тест синовлари натижаларига мувофиқ контракт асосида ўқишга қабул қилинмоқда. 
Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши ва бунга ҳар йили камида давлат бюджетидан 200 млрд. сўм ажратиб борилмоқда. 
Бугунги кунда, Давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган хотин-қизларнинг контракт тўловлари учун Давлат бюджетидан:
2022/2023 ўқув йилида 14 минг 110 нафар талаба хотин-қизларга 152,9 млрд. сўм маблағ;
2023/2024 ўқув йилида 5 минг 991 нафар талаба хотин-қизларга 60,3 млрд. сўм маблағ Давлат бюджети ҳисобидан тўлаб берилган.
Мазкур ўқув йилида хам бу амалиёт давом этади.
2023-2024-йилларда олий таълимдан кейинги таълим институтларига стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётган тадқиқотчилар 11.092 нафар бўлиб, шундан хотин-қизлар 5.831 нафар (52 %) ни ташкил этади.

Шунингдек, вазирлик томонидан хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, хотин-қизларнинг янги ғоя ва ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида мунтазам равишда илмий жамоада ёш олималар, иқтидорли талаба-магистрлардан иборат бўлган "Олима аёллар грантлари" ташаббускор амалий ва инноватсион лойиҳалар танловлари эълон қилиниб келинмоқда.

543

Охирги янгиланиш: 2024-10-11 10:19:53

"Қизларжон" клуби республика форуми бўлиб ўтди