Тадбирни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ўз нутқи билан очиб берди
2024-09-24 11:45:00 / Вазирлик янгиликлари

– Сизларни бугунги муҳим ва тарихий воқеа — биринчи Ўзбекистон-Италия таълим форумининг очилиши билан чин юракдан табриклайман.
Ўзбекистон-Италия ҳамкорлигининг кўп қиррали ривожланиши маданий-гуманитар алоқалар ва илиқ, дўстона муносабатларида катта аҳамият касб этмоқда. Жумладан, ушбу форум икки мамлакатнинг таълим ва фан соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Шарқда Уйғониш даврининг биринчи маркази Хоразм бўлса, Ғарбда эса Флоренция ҳисобланган.
Жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшган Ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек, Ибн Сино каби буюк алломаларимизнинг илмий-фалсафий қўлёзмалари эса Ғарбдаги кўплаб кашфиётлар учун асос бўлган.
Ҳурматли Анна Мария Бернини хоним, ҳурматли ректорлар, бугунги форум доирасида Ўзбекистон-Италия муҳандислик мактабини ташкил этилганининг гувоҳи бўлдик.
Ушбу мактаб – машинасозлик, мехатроника, тўқимачилик, чарм саноати каби соҳаларда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш ва замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда Италиянинг илғор тажрибасини жорий этишда катта аҳамиятга эга.
Мазкур форум давомида 30 дан ортиқ янги ҳамкорлик шартномалари имзоланиши, мамлакатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Биз келгусида таълим ва илм-фан соҳаларида ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришда давом этамиз.
