Латвия билан таълимни рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
2024-09-18 12:05:00 / Вазирлик янгиликлари

Делегациянинг "ICT Week Uzbekistan-2024" тадбирида иштироки алоҳида қайд этилиб, Латвиядан ташриф буюрган меҳмонларнинг ушбу муҳим тадбирга қўшган ҳиссаси таълим ва технология соҳасидаги ҳамкорлигимизни мустаҳкамлашига ишонч билдирилди.
– Таълимни рақамлаштириш бугуннинг долзарб масалаларидан бўлиб, таълимнинг замонавий шаклларига ўтиш жуда муҳим эканлигини яхши тушунамиз, – деди К.Шарипов. – Вазирлигимиз рақамли технологиялар тақдим этаётган имкониятлардан нафақат таълим жараёнларини такомиллаштириш, балки илм-фан ва инновацияларни ёшларга янада қулайроқ қилиш учун фойдаланишга интилади.
Гатис Озолс ўз навбатида Ўзбекистоннинг рақамлаштириш борасидаги жадал қадамларини юқори баҳолади ва бу йўналишда ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Хусусан, Рига техника университетида ўзбекистонлик тадқиқотчилар учун докторантурада таҳсил олиш, янги таълим дастурларини яратишга хизмат қиладиган тажриба алмашиш, таълимни рақамлаштиришда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Латвиянинг бир нечта олий таълим муассасаларини бирлаштирган ҳолда рақамлаштириш бўйича хизмат кўрсатиш тажрибасини Ўзбекистон олий таълим муассасалари мисолида амалиётга татбиқ этиш имкониятларини ўрганишга келишдилар.
Учрашув сўнгида томонлар мулоқот самарали бўлиб, аниқ натижаларга олиб келишига ишонч билдирдилар.






