Хитойнинг Циан транспорт университети делегацияси билан расмий учрашув бўлиб ўтди
2024-09-18 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашув аввалида томонлар Самарқанд давлат университетида бўлиб ўтган "Яшил энергиянинг барқарор ривожланишини жадаллаштириш, олий таълимнинг глобаллашувига кўмаклашиш" мавзусидаги халқаро академиклар форуми ҳамда халқаро ICT-Wеэк тадбирларида хитойлик вакилларнинг иштироки ва уларнинг таассуротлари юзасидан фикр алмашди.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги университетлараро ҳамкорлик мустаҳкамланиб бормоқда, - деди вазир Қ.Шарипов. – Университетларимиз ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар ва қўшма дастурлар муваффақиятли ташаббуслар намунасидир.
Хитой билан илғор муҳандислик мактаблари йўналишида яқин ҳамкорликни йўлга қўйган Тошкент давлат техника университети ва Тошкент ахборот технологиялари университетларининг фаолияти алоҳида қайд этилиб, университетлараро тўғридан-тўғри алоқаларни янада мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилинди. Бунда қўшма таълим дастурларини ташкил этиш ва қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш қўллаб-қувватланиши алоҳида қайд этилди.
Циан Сзяотун университети президенти Литсюн Чжан ўз навбатида Хитойнинг камбағаликка қарши курашиш соҳасида ўзаро инновацияларни қўллашга тайёрлигини билдириб, Самарқанд давлат университети билан ушбу йўналишда лойиҳани амалга ошириш таклифини билдирди. Бунда Самарқанд вилоятида бир нечта участкалар танлаб олиниб, академиклар билан ҳамкорликда ОТМ-Корхоналар-Давлат органлари-Банклар занжири ёрдамида камбағаликка қарши курашишнинг янги ёндашувларини жорий қилишади.
Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг бундан кейин ҳам ривожланиб, ўзаро манфаат келтириши ва халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлашига ишонч билдирдилар.






