Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликнинг Ҳайъат йиғилиши ўтказилди
2024-09-12 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Йиғилиш давомида Ҳайъат фаолиятини самарали йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий ва 2024 йил учун Президент Давлат стипендияларига таянч докторантлари муносиб деб топилган номзодларни тасдиқлаш масалалари кўрилди.
Даставвал, йиғилганларга кун тартибидаги масалалар ўқиб эшиттирилиб, вазирлик ҳайъатининг 11 кишидан иборат аъзолари таништирилди.
Кун тартибидаги биринчи масала бўйича Ҳайъат фаолиятини самарали йўлга қўйиш мақсадида ҳайъат масъул котиби номзоди кўрилиб, 2024 йил якунига қадар бўлган иш режаси муҳокама қилинди.
Шундан сўнг, иккинчи масала бўйича вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендиялари учун таянч докторантлар ўртасида ўтказилган танлов ва унинг натижалари ҳақида батафсил тўхталди.
Ўтказилган танловда республика бўйича 58 нафар номзод ҳужжат топширган бўлиб, якуний босқичга улардан 53 нафари етиб келган. Шундан 10 нафар номзод Махсус танлов комиссиясининг хулосасига кўра Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат стипендияларига тавсия қилинди.
Якунда Ҳайъат йиғилиши қарори билан Ҳайъат масъул котиби, 2024 йил учун иш режаси ва Президент Давлат стипендияларига муносиб топилган таянч докторантлар тасдиқланди.
Президент Давлат стипендияларига тасдиқланган таянч докторантлар
Табиий ва аниқ фанлар йўналишида:
Абдикаримов Фаҳриддин Баҳром ўғли – Хоразм Маъмун академияси;
Қўзиэва Маҳлиё Муҳаммадиевна – Полимерлар кимёси ва физикаси институти;
Эшбобоэв Жалолиддин Абдураззоқович – Тошкент кимё-технология институти.
Ижтимоий-гуманитар фанлар йўналишида:
Мадиёрова Валида Қувондиқ қизи – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети;
Сангиров Жуманиёз Алижон ўғли – Тарих институти;
Абдикаримова Зуҳра Баҳромовна – Урганч давлат университети.
Техника ва технология йўналишида:
Абдиева Ҳабиба Собировна – Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети;
Муҳаммадиев Фирдавс Рудаки ўғли – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети.
Соғлиқни сақлаш йўналишида:
Исакова Юлдуз Нуриддиновна – Самарқанд давлат тиббиёт институти.
Қишлоқ хўжалиги йўналишида:
Эгамбердиев Шаҳзод Баҳодир ўғли – Тошкент давлат аграр университети.






