Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов жорий йилнинг 8-9 сентябр кунлари Қатарнинг Доҳа шаҳрига ишчи ташрифи доирасида амалий учрашувлар ўтказмоқда.
2024-09-09 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Ташрифнинг биринчи куни вазир бошчилигидаги делегация Хамад бин Халифа университети (ҲБКУ) президенти доктор Ахмад М. Ҳаснаҳ билан учрашиб, икки мамлакат ўртасидаги таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди. Томонлар қатор ташаббусларни илгари суриб, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирди.

Учрашув давомида асосий эътибор туризм, сунъий интеллект ва нефть-газ соҳаларида ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилди. Томонлар сунъий интеллектни ривожлантириш бўйича қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш, халқаро конференциялар ва тадбирларда иштирок этиш имкониятларини муҳокама қилди. Нефть-газ саноатида икки давлат илмий марказлари ва университетлари ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш режалаштирилди.
Ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект йўналиши бўйича Тошкент ахборот технологиялари университети Хамад бин Халифа университети билан ҳамкорлик ўрнатиб, нефть-газ соҳасида Бухоро муҳандислик-технология институти қўшма лойиҳаларда иштирок этиши кутилмоқда.
