Россия Федерацияси билан олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
2024-08-28 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Делегация вакиллари "Шарқ тароналари" XIII халқаро мусиқа фестивали ва "Шарқ халқлари мусиқа маданияти: глобаллашув жараёнларида ижодий уйғунлашув тамойиллари" мавзусидаги Халқаро илмий-амалий конференция дастурларининг очилиш маросимида иштирок этиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюрган.
М.Э.Швидкой тадбир юқори даражада ташкил этилганини эътироф этиб, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолатига тўхталди ва мамлакатларимиз ўртасида профессор-уқитувчилар ва талабалар алмашинуви соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш лозимлигини таъкидлади.
Ўз навбатида, вазир Қ.Шарипов Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликнинг юқори даражада эканлигини эътироф этиб, Россиянинг Тошкентдаги Илм-фан ва маданият маркази билан фаол ҳамкорлик амалга оширилаётгани айтиб ўтди. Шунингдек, абитуриэнтларга Россиянинг тегишли олий ўқув юртларини танлаш имконини берувчи ҳамда мамлакатлар ўртасидаги академик алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи қўшма таълим ярмаркалари ташкил этилгани қайд этилди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Мазкур танловлар Ўзбекистон ва Россия олимлари ҳамда тадқиқотчилари ўртасида илмий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, инновацион ғоялар ва янгиликларни ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиб, илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва илғор тажрибаларни алмашишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Учрашув якунларига кўра вазир Қ.Шарипов Курск вилоятидаги вазиятни инобатга олган ҳолда, ўзбекистонлик талабаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида уларнинг таълим олиш жараёнини онлайн форматга ўтказиш таклифини билдирилди ва Ўзбекистон томони Россия билан ушбу масала бўйича яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилди.



