Коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган тадбирлар ўтказилмоқда
2024-08-28 08:55:00 / Вазирлик янгиликлари

Мораторий даврида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига соҳа бўйича ягона давлат сиёсатини олиб борувчи ташкилот сифатида олийгоҳлар фаолиятини ички назорат асосида тартибга солиб борилишини таъминлаш юклатилган.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ҳисоб палатаси, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда вазирлик ҳамда олийгоҳларнинг 65 нафар ички аудит ходимининг билим ва малака салоҳиятини таҳлил қилиш, баҳо бериш, мустаҳкамлаш, шунингдек, коррупсиявий ҳолатларнинг олдини олиш ва унга йўл қўймаслик масъулиятини ошириш бўйича 2 кунлик ўқув семинари ташкил этилди.
Унда мутахассислар томонидан олий таълим муассасалари ички аудит хизмати ходимларига мораторий даврида масъулият ва жавобгарлик янада ортиши тушунтирилди. Шунингдек, ўтказилаётган назорат тадбирларида аҳамият қаратиладиган жиҳатлар, самарасиз харажатларни аниқлаш, ундириш ва бюджетга тиклаш борасида батафсил маълумот берилди.
Ўқув семинари якунлангач, олган билимлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган саволлар асосида тест синовидан ўтказилди. Тест синови натижасида 11 нафар ички аудит хизмати ходимининг фаолияти 56,0 баллдан паст баҳоланди.
Сўнг вазирлик ходимларидан тузилган Ишчи гуруҳ томонидан 65 нафар иштирокчининг 2023 йил ва 2024 йил 1-ярим йилликдаги фаолияти натижалари, соҳага оид билимлари савол-жавоб асосида суҳбатдан ўтказилди.
Ўқув семинари якунига бағишлаб ўтказилган йиғилишда олийгоҳларнинг 65 нафар ички аудит ходимининг фаолият самарадорлиги ҳам таҳлил қилинди.
2024 йилнинг ўтган даврида вазирлик Ички аудит бошқармаси томонидан жами 56,6 млрд сўмлик самарасиз харажатлар ҳолатлари аниқланган бўлса, олийгоҳларнинг ички аудит хизмати ходимлари томонидан эса бор йўғи 4,2 млрд сўм ҳолат аниқлангани танқид қилинди.
Шунингдек, айрим ҳолларда олий таълим муассасалари ички аудит хизматлари томонидан аниқланган самарасиз харажатлар, ортиқча тўловлар ва камомадлар ўрнатилган тартибда ундирилиб, бюджетга тикланиши назоратдан четда қолгани кўрсатиб ўтилди.
Айрим муассасалар аудиторлари томонидан аниқланган самарасиз харажатларни ундириш ва бюджетга тиклаш умуман таъминланмаган. Ушбу ҳолатларга йўл қўйган ва тест натижалари паст, ҳисобот кўрсаткичлари ёмон ҳамда суҳбат натижасига кўра 11 нафар аудит хизмати ходимининг келгуси фаолиятига ишончсизлик билдирилилиб, уларини лавозимиcда келгусида ишлаш масаласини кўриб чиқиш юзасидан олийгоҳлар раҳбарига тақдимнома киритилди.






