Вазир Самарқандда
2024-08-26 12:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Дастлаб СамДАҚУда янги қурилаётган 4238 ўринли ўқув биноси ва 5 та ўқув-лаборатория бинолари, 3 та 1155 ўринли талабалар турар жойи биноларининг ҳолати ҳамда шароитлари ўрганилди. Университетда амалга оширилган ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари билан танишилди.
Реконструкция қилинган Архитектура факультети ўқув биноси ҳамда 308 ўринли талабалар турар жойи биноси ва бошқа қурилиш-таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди.
Муассаса томонидан Қурилиш факультети ўқув биноларини капитал таъмирлаб, талабалар турар жойига айлантириш, шу йўл билан университетда ётоқхона ўринларини ошириш бўйича ижобий фикрлар берилди.
Шунингдек, етакчи хорижий олий таълим муассасалари тажрибасидан келиб чиқиб, университетда ҳозирги вақтда фойдаланилмай турган хўжалик биноларининг ўрнига лабораториялар комплекси ва инкубация марказини қуриш таклиф этилди. Вазир таъим масканини илғор хорижий тажриба асосида трансформация ва модернизация қилиш борасидаги ишларни эътироф этди.
Шундан сўнг, ТДИУ Самарқанд филиали ҳудудида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари бориб кўрилди. Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган 400 ўринли талабалар турар жойи, ўқув бинолари, аудиториялар, ахборот-ресурс маркази ва бошқа иншоотларнинг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати кўздан кечирилди.






