Олий таълим муассасаларида янги ўқув йилига тайёргарлик юзасидан амалга оширилаётган ишлар натижадорлиги бўйича йиғилиш ўтказилди
2024-08-02 17:45:00 / Вазирлик янгиликлари

Йиғилишда Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари, Олий таълим кенгаши раиси Одил Абдураҳмонов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ҳамда республикамизнинг йирик олийгоҳлари ректорлари иштирок этдилар.
Мулоқот шаклида ташкил қилинган анжуманда Президентимиз томонидан олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштириш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Жорий ўқув йилида қабул жараёнлари янги тартиб – "аввал тест, кейин танлов" тамойили асосида ташкил этилди. Шунингдек, бакалавриат таълим йўналишлари 40 фоизга, магистратура мутахассисликлари 15 фоизга мақбуллаштирилди ҳамда янгиланган Классификатор тасдиқланди.
ТОП-300 таликка кирган олийгоҳлар дастурлари асосида бакалавриат таълим йўналишлари учун 183 та малака талаблари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
2024 йил давомида муҳандислик, энергетика, ахборот технологиялари, сунъий интеллект йўналишлари бўйича дастлабки 48 та хорижий адабиётларнинг таржима ишлари бошланди.
Йиғилишда таълим жараёнини сифатли ташкил этиш, талабаларни ётоқхоналарга ўз вақтида жойлаштириш, янги адабиётлар билан таъминлаш каби муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Хусусан, ТОП-500 таликка кирган хорижий олийгоҳ билан қўшма таълим дастурларини кенгайтиш, ўқув юкламаларни мақбуллаштириш, профессор-ўқитувчилар таркибини қайта кўриб чиқиш, хорижий адабиёт таржималарини олийгоҳларга етказиш, олийгоҳнинг моддий-техника базасини таълим жараёнини бошлашга тайёр ҳолатга келтириш, талабалар турар жойларини таъмирлаш ишларини якунлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, 2024 йил 15 августдан бошлаб, ҳар бир олийгоҳда Талабалар турар жойларига ва ижара хонадонларига кўмаклашиш марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, ногирон, етим, ижтимоий ҳимоя реестридаги талабаларни 20 августдан бошлаб ётоқхонага жойлаштириш бўйича кўрсатма берилди.









