Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова иштирокида брифинг
2024-08-02 12:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Хабарингиз бор, жорий ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига қабул қилиш икки босқичда – “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Айни кунларда абитуриентлар томонидан олий таълим муассасаларини танлаш босқичи давом этмоқда. Абитуриентлар my.uzbmb.uz портали орқали 10 августга қадар (шу куни ҳам) олий таълим муассасалари йўналишларини танлашлари талаб этилади. Йўналишларни белгиланган муддатгача танламаган абитуриентлар олийгоҳларга қабул қилинмайди.
Танлов жараёнида абитуриентлар бештагача олий таълим муассасаси, таълим йўналишлари ва шакллари ҳамда танлов устуворлигини белгилашлари лозим. Шу ўринда абитуриентларга танлов устуворлигини белгилашда қуйидагиларга эътиборли бўлишлари тавсия этамиз.
Агар абитуриент устуворлик сифатида “Давлат гранти”ни танласа, у дастлаб давлат гранти учун ажратилган қабул параметрлари доирасида, танлаган таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги асосида тўплаган бали бўйича танловда иштирок этади. Абитуриент давлат грантига талабаликка тавсия этилмаган тақдирда, юқоридаги тартиб бўйича тўлов-контракт учун ажратилган қабул параметрлари доирасида танловда қатнашади. Яъни, абитуриентнинг бали аввал давлат гранти бўйича кўриб чиқилади, ҳеч бирига тавсия этилмаган тақдирда, тўлов-контракт бўйича танловда иштирок этади.
Агар абитуриент “Таълим йўналиши”ни устуворлик сифатида танласа, таълим йўналишларининг қатъий кетма-кетлиги асосида тўплаган бали бўйича давлат гранти ва тўлов-контракт асосидаги қабул параметрлари доирасида танловда иштирок этади.
Шунингдек, абитуриентлар агар мақсадли қабул мавжуд бўлса, унга рози ёки йўқлиги ҳамда таълим шаклларини танлашлари лозим. Бунда камида 1 та таълим йўналишини танлаш мажбурий, қолган таълим йўналишларини танлаш эса ихтиёрийдир.
Шу ўринда 10 августга қадар абитуриентлар my.uzbmb.uz порталидаги шахсий кабинетларида киритган танловларини таҳрир қилиш имкониятига эга эканликларинини ҳам эслатиб ўтамиз.
Талабаларнинг сифатли таълим олишлари учун муҳим омиллардан бири уларни турар жой билан таъминлаш масаласидир. 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларининг барча курс талабалари ётоқхоналарга онлайн ариза юбориш имкониятидан фойдаланишлари мумкин. Бунда талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза бериш my.gov.uz портали орқали
1 августдан бошлаб ўқув йили якунига қадар давом этади.
Қуйидаги тоифадаги талабалар устуворлик асосида талабалар турар жойларига қабул қилинади:
- «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
- «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабалар;
- I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
- бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
- халқаро фан олимпиадалари, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
- «Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик-танловларининг республика босқичи ғолиби бўлган талабалар;
- олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
- талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.
Умумий рўйхатдаги талабалар учун талабалар турар жойида ортиб қолган ўринлар қуйидагича тақсимланади:
1-курс талабалари учун 55 — 65 фоизи;
2-курс талабалари учун 15 — 20 фоизи;
3-курс ва ундан юқори курс талабалари учун 20 — 25 фоизгача ажратилади.
Бунда курсларга ажратилган, бироқ тўлмай қолган ўринлар аввало қуйи курс талабалари орасида, сўнг курсларнинг ортиб бориши тартибига қатъий амал қилган ҳолда юқори курс талабалари орасида қайта тақсимланади. Олий таълим муассасаси томонидан талабалар турар жойидаги ўринлар сони умумий рўйхат бўйича факультетлар кесимида тақсимланиши мумкин.
Ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига ойлик ижара тўловининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Битта турар жойда икки ва ундан ортиқ талаба ижара ҳуқуқи асосида яшаган ҳолатларда, уларнинг барчаси ижара шартномасида қайд этилган бўлишлари шарт.
Бунда талабгорларга ойлик ижара тўловининг бир қисми ижара шартномасининг суммасидан қатъи назар, Тошкент шаҳрида — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, қолган ҳудудларда — базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари миқдорида тўланади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан 2024/2025-ўқув йилига талабаларни муносиб кутиб олиш, ўқув йилининг дастлабки кунларида талабаларни турар жой билан тезкор таъминлаш бўйича юзага келадиган жиддий муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида жорий йилнинг 1 августидан 10 сентябригача бўлган муддат «долзарб қирқ кунлик» деб эълон қилинди.
Бундан 15 августдан бошлаб барча олий таълим муассасасининг асосий бинолари ҳамда талабалар турар жойларига кириш қисмларига камида 4 та жойда “Талабалар турар жойларига жойлаштириш учун ёрдам кўрсатиш марказлари (инфокиосклар)” ташкил этилади.
Ижара хонадонлари базасини шакллантириш, талабаларни гуруҳ тюторлари орқали ижара хонадонларига жойлашишига кўмаклашиш, олий таълим муассасаси расмий веб-сайти орқали янги топилган ижара уйлари рўйхати ҳамда ижара уйлари ҳақидаги маълумотлар эълон қилинади.
Сўнгги йилларда республикада ёшларнинг олий таълим билан қамрови ошиб бориши билан бир қаторда, ётоқхоналарга бўлган эҳтиёж ҳам ортиб бормоқда.
Ҳозирда 112 та олийгоҳда жами 338 та талабалар турар жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 127 792 ўринни ташкил этмоқда. 2024 йил давомида талабалар турар жойларини қуриш ҳисобига 27 мингта ўрин яратиш топшириғи берилган.
Айни пайтда 34 320 ўринли 67 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Жорий йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган талабалар турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилади.
