Тошкентда Америка технологиялар университетини ташкил этиш бўйича кейинги қадамлар белгиланди
2024-07-25 19:05:00 / Вазирлик янгиликлари
24 июль куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Америка технологиялар университети раҳбарияти билан учрашди.

Унда Президент қарорига мувофиқ Америка технологиялар университети (АТУ)ни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Муҳокамада университет (АТУ)ни ташкил этиш лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, олийгоҳ фаолиятини лицензиялаш учун юридик ва маъмурий талаблар, Ўзбекистон ва халқаро таълим ташкилотлари томонидан ўрнатилган аккредитация тартиби, меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган таълим йўналишлари бўйича фикр алмашилди.
Учрашув сўнггида ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича кейинги қадамлар, жумладан, ҳар икки томоннинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш учун ишчи гуруҳни ташкил этиш белгиланди.
Шунингдек, томонлар лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши ва у Ўзбекистоннинг олий таълим тизими учун алоҳида аҳамият касб этишига ишонч билдирдилар.






